Жаҳон - 15:36 · 31.05.2022

Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий-дипломатик музокара нега тўхтатилди?

Россия ва Украина музокаралари ҳозирда сиёсий-дипломатик томондан тўхтатилган, гуманитар жиҳатдан эса ишлаяпти. Бу ҳақда «Укринформ» хабар берди.

Фото: «LentaChel.ru»

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мазкур маълумотни берган.

«Бугунги кунда музокаралар жараёни сиёсий-дипломатик қисмда тўхтатилган. Гуманитар бўлимда у ишламоқда, чунки асирлар алмашинуви, гуманитар йўлаклар, аҳолимизни эвакуация қилишга уринишлар мавжуд.

Нега сиёсий-дипломатик музокара тўхтатилди? Чунки музокара нафақат жанг майдонида, балки умуман олганда реал дунёда содир бўлаётган воқеалар: санкциялар, мавқе, шериклик ўртасидаги масалаларга боғлиқ. Россия буларнинг барчасига етарлича эътибор қаратмайди. Бу феномен ҳам дарсликларга киритилади», — деган Подоляк.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳозир яратилган воқеликда яшамоқда ва шунинг учун дунёда содир бўлаётган воқеаларни мутлақо адекват идрок этмаяпти.

«Улар ҳақиқатан ҳам ‘Украина шаҳарларини озод қилаётганига, бир вақтнинг ўзида минглаб одамни ўлдираётганига’ ишонади. Улар буни чин дилдан тўғри иш деб билади. Шунинг учун улар музокара жараёнига келганда, албатта, адекват одамлар билан мулоқот қила олмайди.

Чунки музокара позицияни бериш, баҳслашиш, уни объективлаштиришни ўз ичига олади. Агар ўз хаёлларида яшайдиган одам қаршингизда ўтирса, у сизнинг сўзларингизни тушунолмайди. Шизофрения ҳолатига бироз берилиб кетган одамга эса ҳаракатларининг объектив оқибатларини тушунтириб бера олмайсиз», —деди Подоляк.

Аввалроқ Зеленский Украинанинг бир қисмини Россияга бериш таклифига жавоб қайтарганди. Шунингдек, Дмитрий Медведев урушни ҳал қилишда Зеленскийга маслаҳат берганди.

Bugun — LIVE