Жамият - 14:44 · 01.06.2022

Антимонополия қўмитаси «буханка» нон нархи бўйича тезкор ўрганиш ўтказди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қолипли нон нархи бўйича тезкор ўтказилган ўрганишларга кўра, Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўм экани аниқланди. Бу бўйича қўмита ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, ун маҳсулоти 2022 йил июнь ойидан бошлаб биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган. Республикада ун маҳсулоти захираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилади.

Хусусан, июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.

«Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши, биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадам бўлиб, ушбу жараёнда шаффоф тизим яратилиши билан бирга, республиканинг энг чекка ҳудудларига ҳам маҳсулотнинг етиб борилиши назоратга олинган.

Шуни эътиборга олиб, нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада ҳавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликларини сўраб қоламиз», дейилган хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳридаги дўконларда 1 июндан бошлаб «буханка» нон 2800 сўмдан сотилаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент бозорларда нарх-наво кўтарилгани ҳақида гапирган.

Bugun — LIVE