Жаҳон - 12:02 · 01.06.2022

Байден АҚШнинг Украинадаги мақсадини маълум қилди

Жо Байден АҚШнинг Украинадаги урушга аралашишдан мақсади мамлакатда демократияни сақлаб қолиш эканини айтди. Бу ҳақда у «The New York Times»га мақола ёзди.

Фото: «National Review»

Оқ уй раҳбари Вашингтон иттифоқчи ва ҳамкорлар билан Россияга қарши санкциялар бўйича ишлашда давом этишини айтган.

«Украинани замонавий қуроллар: Javelin ва Stinger ракеталари, артиллерия ва юқори аниқликдаги ракета тизимлари, радарлар, ҳарбий дронлар, Ми-17 вертолётлари билан таъминлашда, NATO’нинг шарқий қанотини мустаҳкамлашда давом этамиз. Ташкилот ва Россия ўртасида уруш бўлишини истамаймиз. АҚШ ёки иттифоқчиларга ҳужум қилинмагунча, биз бу можарода бевосита иштирок этмаймиз», — деган АҚШ раҳбари.

Бундан ташқари, Байден Вашингтон Россиядаги ҳокимиятни ўзгартиришга уринмаслигини қайд этган.

«Мен Россия президенти Владимир Путиннинг фикрига қўшилмасам ва унинг ҳаракатларини ўзбошимчалик деб билсамда, АҚШ унинг Москвадаги лавозимидан четлатилишига ёрдам бермайди», — деди Америка президенти.

Шунингдек, у Россиянинг ядровий қуролдан фойдаланиш нияти борлиги белгиларини кўрмаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ АҚШ Украинанинг бир қисмини Россияга бериш таклифига муносабат билдирганди. Шунингдек, АҚШдан энг кўп ҳарбий ёрдам олган давлатлар маълум бўлган.

Bugun — LIVE