Жаҳон - 23:10 · 01.06.2022

Буғдой блокадасини очишни сўраган Рим папаси, Данияга вето қўйган Швейцария ва Украинага энг кўп ёрдам бераётган давлатлар рейтинги

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 1 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Украинанинг Житомир, Киев ва Чернигов вилоятлари билан чегарадош Беларуснинг Гомель вилоятида 22 июндан 1 июлга қадар режалаштирилган сафарбарлик машқлари ўтказилади. Бу ҳақда «БЕЛТА» хабар берди.

Гомель вилояти ҳарбий комиссари Андрей Кривоносов машғулотларда мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий комиссариятлари ва ташкилотлари иштирок этишини айтган.

«Машқлар қуролли кучлар объектларига туташ маълум ҳудудларда бўлиб ўтади», — дея аниқлик киритган у. Гомель вилоятидаги полигонларида ўт очиш машғулотлари ўтказилади. Унда ҳарбий комиссарликларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлиги, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, 28 июндан 16 июлга қадар Жлобин вилоятида ҳудудий қўшинлар ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Тадбирлар доирасида ҳудудий объектни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, қўпорувчилик ва разведка гуруҳларига қарши кураш амалиёти олиб борилади.

NATO’га аъзо давлатлар раҳбарларининг июнь ойида учрашуви бўлиб ўтадиган Мадридда альянснинг Россия ва Хитойга нисбатан позицияси кўриб чиқилади. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг Испаниянинг «ABC» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Мадрид саммити ниҳоятда муҳим бўлади, чунки унда қабул қилинадиган янги стратегик концепция хавфсизликни акс эттиради.

«Масалан, амалдаги стратегик концепцияда Россия стратегик ҳамкор сифатида кўрсатилган ва Хитой ҳақида сўз юритилмаган. Энди, албатта, биз Россиянинг агрессив ҳаракатларини, шунингдек, Хитой юксалишининг хавфсизлигимизга таъсирини муҳокама қиламиз. Мадрид саммити энг муҳим саммитларимиздан бири бўлади», — деган у.

Учрашувда жанубдан келаётган таҳдидлар, масалан, терроризм билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиши айтилган.

«Африкадаги барқарорлик бутун иттифоқ учун муҳим бўлиши керак. Биз олдинга қадам ташлаш, жумладан, денгизга таъсир доираси бўйича қарор қабул қиламиз», — деб тушунтирган Столтенберг.

NATO бош котиби Украинадаги вазиятни ҳозир қанча давом этишини аниқ айтиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

«Биз узоқ давом этадиган урушга тайёр туришимиз керак. Узоқ йўлга тайёр бўлишимиз керак. Шунинг учун мен иттифоқчиларни қўллаб-қувватлашга, бунга узоқ муддат тайёр бўлиш ва етарли жиҳозларга эга бўлишга чақираман. Чунки бу вайронагарчилик уруши. Испания NATO иттифоқчиларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларида иштирок этмоқда. Украина кучларини қўллаб-қувватлашнинг кўплаб турлари мавжуд. Муайян қурол тизимлари ҳақида гапирганда жуда эҳтиёт бўлишимиз керак», — деган NATO бош котиби.

Жо Байден АҚШнинг Украинадаги урушга аралашишдан мақсади мамлакатда демократияни сақлаб қолиш эканини айтди. Бу ҳақда у «The New York Times»га мақола ёзди.

Оқ уй раҳбари Вашингтон иттифоқчи ва ҳамкорлар билан Россияга қарши санкциялар бўйича ишлашда давом этишини айтган.

«Украинани замонавий қуроллар: Javelin ва Stinger ракеталари, артиллерия ва юқори аниқликдаги ракета тизимлари, радарлар, ҳарбий дронлар, Ми-17 вертолётлари билан таъминлашда, NATO’нинг шарқий қанотини мустаҳкамлашда давом этамиз. Ташкилот ва Россия ўртасида уруш бўлишини истамаймиз. АҚШ ёки иттифоқчиларга ҳужум қилинмагунча, биз бу можарода бевосита иштирок этмаймиз», — деган АҚШ раҳбари.

Бундан ташқари, Байден Вашингтон Россиядаги ҳокимиятни ўзгартиришга уринмаслигини қайд этган.

«Мен Россия президенти Владимир Путиннинг фикрига қўшилмасам ва унинг ҳаракатларини ўзбошимчалик деб билсамда, АҚШ унинг Москвадаги лавозимидан четлатилишига ёрдам бермайди», — деди Америка президенти.

Шунингдек, у Россиянинг ядровий қуролдан фойдаланиш нияти борлиги белгиларини кўрмаётганини таъкидлаган.

Германия NATO’га аъзо давлатлар орасида Европадаги энг йирик армияни тузмоқчи. Бу ҳақда мамлакат канцлери Олаф Шольц «Stuttgarter Zeitung» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Мамлакат ҳукумати бунинг учун 100 миллиард евро ажратади. Уларнинг катта қисми ҳаво кучларини ривожлантириш ва модернизация қилишга сарфланади. «Reuters» Шольцнинг маблағларни тақсимлаш бўйича ҳужжатини қўлга киритган. Журналистларнинг фикрича, ҳаво кучларини ривожлантириш учун 40,9 миллиард евро ажратилган. Германия эскирган Торнадо жанговар самолётларини алмаштириш учун янги Eurofighter қирувчи самолётлари ва F35 қирувчи бомбардимончи самолётларини сотиб олишни режалаштирмоқда. Маблағларнинг бир қисми, шунингдек, космосда эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантиришга қаратилган.

19,3 миллиард евро денгиз флотини ривожлантиришга, хусусан, янги кемалар ва сувости кемаларини сотиб олишга йўналтирилади. Яна 16,6 миллиард қуруқликдаги қўшинларни, жумладан, Marder жанговар машинаси ўрнини босувчи янги пиёда жанговар машиналари ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

«Forbes» Украинага Россия агрессиясига қарши туришда жиддий ёрдам кўрсатаётган давлатлар рейтингини тузди.

Бу мамлакатлардан айримлари қурол етказиб бериш, бошқалари Россияга қарши санкциялар жорий этиш, рус дипломатларини мамлакатидан чиқариб юбориш билан ёрдам кўрсатган. «Forbes» 11 мезон бўйича барча давлатлардан маълумотларни тўплаган. Рейтингда максимал балл 100 ни ташкил қилган, 40 дан ортиқ баллни тўплаганлар дўстона деб ҳисобланган.

Биринчи ўринни 3,5 миллион украиналикни қабул қилган Польша эгаллаган (97 балл). БМТ маълумотларига кўра, 2022 йил декабрига қадар 4,3 миллион украиналик Польшага жўнаб кетади, улардан 2,6 миллиони бу мамлакатдан бошпана топади.

Иккинчи ўринни энг катта молиявий ва ҳарбий ёрдам берган АҚШ (96 балл) эгаллаган. Март ойида Байден 13,6 миллиард долларлик ёрдам пакети тўғрисидаги қонунни имзолаганди. 28 апрель куни АҚШ Конгресси Украинага умумий қиймати 40 миллиард долларлик янги ёрдам пакетида кредит-лизинг беришни маъқуллаган.

Эстонияда (95 балл) ҳар бир мамлакат фуқароси Украина учун 200 доллардан маблағини сарфлаган.

Латвия (94 балл) Украинага мудофаа бюджетининг учдан бир қисмини берган. Ёрдамнинг бир қисми урушдан олдин ҳам келган. Латвиядан зенит-ракета комплекслари, ўқ-дорилар ва бошқа номи айтилмаган юкларни олиб келган самолётлардан бири 23 февраль оқшомида Украинага қўнган. Бундан ташқари, Рига Киевга 11 та йўловчи автобусини топширган.

Рейтингда кейинги ўринларни Буюк Британия, Литва, Канада 88 баллдан, Словакия 82 балл, Чехия 81 балл, Португалия 78 балл олган.

Швейцария Даниянинг Украинага мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳарбий транспортёрларни юбориш ҳақидаги илтимосига вето қўйди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум бўлишича, Дания Украинага 20 га яқин Piranha III — пиёда аскарларни ташиш учун фойдаланиладиган жанговар транспорт воситасини юборишни режалаштирган. Лекин Piranha III Швейцарияда ишлаб чиқарилган бўлиб, мазкур мамлакат Данияга техникаларни Украинага жўнатишга рухсат бермаган.

Маълумот ўрнида, Швейцария нейтрал ва ўзи можаро зоналарини қурол билан таъминламайдиган давлат бўлиб, бошқа мамлакатлардан қурол реэкспорти учун рухсат сўрашини талаб қилади.

Апрель ойида Швейцария Германиянинг ҳам Украинага танклар учун ўқ-дорилар жўнатишига тўсқинлик қилган эди.

Рим папаси Франциск Украина буғдойини экспорт қилишга қўйилган блокадани олиб ташлашга чақирди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

«Умумжаҳон инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлаш учун, ушбу муаммони ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чин дилдан чақираман. Илтимос, асосий озиқ-овқат бўлган буғдойдан уруш қуроли сифатида фойдаланманг», деган Рим папаси.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Россия Украинанинг денгиз портларини тўсиб қўйган. Улар орқали мамлакатда етиштирилган доннинг катта қисми экспорт қилинарди. Украина буғдой ва маккажўхори етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Владимир Зеленский Россия Осиё, Европа ва Африка учун катта аҳамиятга эга бўлган 22 миллион тонна дон экспортига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди. Шунингдек, Украина Олий Радаси Россияни Украинанинг босиб олинган вилоятларидан 400 минг тоннага яқин донни ўғирлашда айблаган.

Bugun — LIVE