Жамият, Жаҳон - 21:00 · 01.06.2022

Бугун оқшоми. Нархи (кескин) ошган «буханка», қатор озиқ-овқат маҳсулоти экспортига тақиқ, Қозоғистонда «қиз тақчиллиги»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун — 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни. Ўзбекистонда уларнинг сони қанча?

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 14 ёшгача бўлган болалар сони (1 январь ҳолатига) 10 миллион 518 минг 483 нафарни такшқил қилди (ёки, бошқачароқ айтганда, мамлакат аҳолисининг деярли учдан бири). Ундан 5 451 220 нафари ўғил бола, 5 067 263 нафар қиз бола ҳисобаланади.

Кўриниб турганидек, 14 ёшгача бўлганлар орасида ҳам қизлар ўғил болаларга қараганда нисбатан камроқ. Бу олдинроқ 14–30 ёшли доимий аҳоли сонида ҳам сезилганди: қиз болалалар — 4 миллион 954 минг 910 нафар, ўғил болалар — 4 миллион 730 минг 654 нафар).

Болаларни асраш учун айнан бир кун керак эмас, уларни ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада, керак бўлса, ҳар сонияда асраш зарур. Уларни илмсизликда, саводсизликдан, хавфдан, шахсий фикрсизликдан, оддийликдан ва албатта, тез катта бўлиб қолишдан асранг, ҳурматли ота-оналар. Майли, ошдан олинг, совумасин.

«Сўкма, мен оширганим йўқ»: Тошкентда «буханка» нон нархи кескин ошди. Энди у 2800 сўмдан сотилмоқда.

Тошкент шаҳри ва бошқа бир қатор вилоятлардаги дўконларда «буханка» нон нархи 2800 сўм бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тармоқларда нархнинг ошишини тушунтиролмаган сотувчининг қизиқарли сурати ҳам тарқалди, унда «сўкма, мен оширганим йўқ», деб ёзилган.

Кадр: Telegram

Ушбу хабарлар тарқалишни бошлагандан сўнг Аксилмонополия қўмитаси қолипли нон нархи бўйича тезкор ўрганишлар ўтказган. Унинг натижасига кўра, қолипли нон нархи Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўм экани аниқланган (аввалроқ Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин Мирзаев буғдойнинг нархи 3000 сўмдан ошмаса, ‘буханкаʼнинг нархи 2800 сўмдан ошмаслигини айтганди).

Бизга шерик «Kommers.uz»нинг қўмитага таяниб қайд этишича, июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.

Қўмита нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан «ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликни» сўраган. Маълумот учун, антимонополия қўмитаси назарда тутаётган «асосланманган маълумотлар» «буханка» ва уннинг тақчиллиги юзага келиши ҳақидаги хабарлар.

Ўзбекистонда қатор озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига вақтинчалик тақиқ қўйилди. Улар ички бозорда етарли бўлган тақдирдагина тақиқ олинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг тегишли фармони билан 1 июндан бошлаб қатор маҳсулотларнинг экспортига тақиқ қўйилди. Фармон қуйидаги маҳсулотларни олиб чиқишни тақиқлашни назарда тутади:

  • ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи, бундан амалдаги контрактлар (шартномалар) доирасида 2022 йил 1 июнга қадар олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар, шунингдек, Ўзбекистон «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишланганлари мустасно;
  • кунгабоқар уруғлари (ТИФ TH коди 1206 00) ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари (ТИФ TH коди 1207), бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно.

Ушбу маҳсулотларнинг экспорти ички бозорда етарли ҳажми мавжуд бўлган тақдирдагина Вазирлар Маҳкамаси томонидан тикланади.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга кўра, савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда (энг кўп қулайлик берилган давлатлар рўйхати) ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди. 2022 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар бир қатор товарларни (илова) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланади.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.

Ўзбекистон ўтган 4 ойда импорт қилган маҳсулотлари эълон қилинди. Ушбу даврда 281,4 миллион долларга буғдой олиб келинган.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика қўмитасига кўра, 2022 йилнинг январь–апрель ойларида 281,4 миллион долларга буғдой, 44,8 миллион долларга ўсимик ёғи импорт қилинган. Шунингдек, 119,6 миллион долларга шакарқамиш, 113,3 миллион долларга маргарин маҳсулотлари сотиб олинган. Цитрус мевалардан 21,9 миллион долларлик банан ва 9,1 миллион долларлик мандарин олиб келинган.

Қизиқ жиҳати шундаки, чет элдан 66,5 миллион долларлик қорамол гўшти, 46,8 миллион долларлик картошка импорт қилинган. Дарвоқе, бозорларда картошка нархи нега жуда қиммат?

Қатъий тавсия қилинади:

  • Қимматлаётган озиқ-овқат: давлат нархларни назорат қилиши яхшими ёки ёмон? Нархлар нега ошаётгани ва бунда давлатнинг қай даражада таъсири борлиги ҳақида;
  • Илк турдаги мағлубиятдан қорли ўйиндаги чемпионликкача: 4 йил аввал Ўзбекистон ғолиб бўлган мусобақа ҳақида. «Bugun Sport» 1 июнь куни бошланадиган U-23 Осиё кубоги олдидан бу мусобақа ҳақида эслайди.

Хўш, оламда нима гап?

Тахмин қилишимиз мумкин, ҳозирга келиб сизга NATO бош котиби «биз урушга тайёр бўлишимиз керак» дегани, Хитойнинг 30 та ҳарбий самолёти Тайваннинг мудофаа зонасига киргани, Беларусь Украина билан чегарада ҳарбий машғулотлар ўтказишию, Украинага Россия агрессиясига қарши туришда жиддий ёрдам кўрсатаётган давлатлар унчалик қизиқ бўлмаслиги мумкин. Шу учун буларга тўхталмаймиз. Қўшниларимиз дуч келаётган муаммо ҳақида гаплашамиз.

Қозоғистонда қизларнинг демографик «тақчиллиги» кучаймоқда.

Фото: «Tengrinews»

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йил давомида Қозоғистон аҳолиси 1,3 фоизга ошган ва 2022 йил бошига келиб 19,12 миллион кишини ташкил қилган. Аёллар сони 9,84 миллионни, эркаклар сони эса 9,29 миллионни ташкил этади. Йил бошида аёлларнинг улуши 51,44 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги ўн йилда у ҳар йили босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шундай қилиб, 10 йил аввал аёллар умумий аҳолининг 51,77 фоизини ташкил қилган.

Муайян ёш тоифаларида вазият янада номутаносиб кўринади. 14 ёшдан 28 ёшгача бўлган қизлар сони йиллар давомида 0,1 фоизга қисқариб, 1,83 миллион кишини ташкил қилган. Йигитлар сони бир вақтнинг ўзида 0,1 фоизга ошган ва бу ҳам барқарор тенденциядир.

Қозоқ қўшниларимиз юз келган демографик муаммо ҳақида таҳлилнинг тўлиқ шаклини бу ерда ўқишингиз мумкин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE