Жамият - 20:41 · 01.06.2022

ДХХ томонидан болалар учун байрам тадбири ташкил этилди

Давлат хавфсизлик хизматининг «Матонат» спорт мажмуасида 1 июнь — «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбири ташкил этилди.

Фото: «Xs.uz»

Тадбирда ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида оммавий спортни, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда уларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чегара қўшинлари оркестри томонидан ижро этилган мусиқа садолари остида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли ва Бўка туманидаги 15-сонли меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда ДХХ ходимларининг фарзандларидан иборат 300 нафардан ортиқ бола ўртасида спортнинг мини-футбол, бадминтон, сузиш ва қувноқ эстафета турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Беллашувларни республика спорт федерациялари ҳакамлари назорати остида ўтказилиши, баҳсларда энг кучлилар ғолиб чиқишини таъминлади.

Шунингдек, ижодкор болажонлар ўртасида расм чизиш бўйича ҳам танлов ташкил этилди. Айниқса, мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган иштирокчиларга медаль ҳамда эсдалик совғаларининг таниқли спортчилар томонидан топширилиши уларга чексиз қувонч бағишлади. Юқори савияда ташкил этилган оммавий тадбирда эстрада хонандалари, «Ўзбекдавлатцирк» артистлари ҳамда эртак қаҳрамонларининг ўзига хос чиқишлари болажонларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

Bugun — LIVE