Жамият - 20:14 · 01.06.2022

«Энг чекка қишлоқда ҳам тизим намоён бўлиши, ҳар бир фуқаронинг соғлиғи назоратда бўлиши керак» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 1 июнь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, шу йил 18 март куни давлат раҳбари тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Унда айтилган муаммо ва таклифлар асосида, замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, соҳа ходимларининг ойлик маошларини ошириш каби кўплаб вазифалар белгиланган эди.

Йил бошидан буён жойларда 85 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар очилиши натижасида 700 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизматлар яқинлашган. Ҳудудларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий қилинган.

Ўтган ойларда Давлат суғурта жамғармасидан 25 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилган. Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғонада 87 минг аҳоли манзилли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бугундан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилган.

Йиғилишда шу каби амалий ишлар билан бирга галдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинган.

«Инсон қадри тамойилини инобатга олиб, охирги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам кўп фармон ва қарорлар қабул қилдик. Глобал синовларга қарамасдан, тиббиёт ходимларининг ойликларини кўтариш чораларини кўрдик. Ҳамма жойда, энг чекка қишлоқда ҳам тизим намоён бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг соғлиги назоратда бўлиши керак», — дейди давлат раҳбари.

Йиғилишда мутасаддилар соҳада бошқарув ва моддий шароитларни яхшилаш, даволаш протоколларини ўзгартириш, тиббий суғурта тизимини кенгайтириш, тиббий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича ахборот берган.

Аввало, бирламчи бўғинга эътибор қаратилиб, жорий йил якунигача яна 51 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларни ишга тушириш, мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил қилиш, аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш вазифалари белгиланган. Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилган.

Ҳудудий шифохоналарда юқори технологик амалиётлар турини 250 тага етказиш, бунинг учун улардаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, янги имтиёзли даволаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Президент соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган. Аввал берилган топшириққа кўра, тиббиёт муассасаларининг бу борадаги инфратузилмаси янгиланмоқда. Ҳудудлардаги шифохоналар компьютерлар билан таъминланиб, локал тармоққа уланмоқда. Халқаро стандартлар асосида ягона классификатор, реестр ва маълумот алмашинуви дастури ишлаб чиқилмоқда. Йиғилишда соғлиқни сақлашнинг барча бўғинларини босқичма-босқич рақамлаштириб, ўзаро боғлаш, муассасаларни замонавий жиҳозлаш, пуллик хизматлар ҳажми ва турларини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Шу йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, 191 та туман ва шаҳар марказий шифохоналарида болалар реанимация бўлимлари, 208 та кўп тармоқли поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилган.

Давлат раҳбари бундай бўлимларни қолган туманларда ҳам очиш, шу билан бирга, Акушерлик ва гинекология, Аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда Скрининг марказлари фаолиятини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Санитария-эпидемиология тизимини трансформация қилиш, санитария қоидалари ва стандартларини янгилаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан ҳам топшириқлар берилган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳар бир ўринбосарига ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев тез кунда соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказиши хабар берилганди.

Bugun — LIVE