Жаҳон - 15:52 · 01.06.2022

«Германия Европада энг йирик армия тузади» — Олаф Шольц

Германия NATO’га аъзо давлатлар орасида Европадаги энг йирик армияни тузмоқчи. Бу ҳақда мамлакат канцлери Олаф Шольц «Stuttgarter Zeitung» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Getty Images»

Мамлакат ҳукумати бунинг учун 100 миллиард евро ажратади. Уларнинг катта қисми ҳаво кучларини ривожлантириш ва модернизация қилишга сарфланади. «Reuters» Шольцнинг маблағларни тақсимлаш бўйича ҳужжатини қўлга киритган. Журналистларнинг фикрича, ҳаво кучларини ривожлантириш учун 40,9 миллиард евро ажратилган. Германия эскирган Торнадо жанговар самолётларини алмаштириш учун янги Eurofighter қирувчи самолётлари ва F35 қирувчи бомбардимончи самолётларини сотиб олишни режалаштирмоқда. Маблағларнинг бир қисми, шунингдек, космосда эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантиришга қаратилган.

19,3 миллиард евро денгиз флотини ривожлантиришга, хусусан, янги кемалар ва сувости кемаларини сотиб олишга йўналтирилади. Яна 16,6 миллиард қуруқликдаги қўшинларни, жумладан, Marder жанговар машинаси ўрнини босувчи янги пиёда жанговар машиналари ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Аввалроқ Польша мудофаа харажатларини оширганди. Шунингдек, Болтиқ давлатлари ва Польша NATО’дан қўшинлар сонини кўпайтиришни сўраганди.

Bugun — LIVE