Жаҳон - 18:43 · 01.06.2022

ЖССТ маймунчечакнинг дунё бўйлаб тарқалиши эҳтимоли юқорилигини маълум қилди

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге ташкилот ҳозирги босқичда одамлар орасида маймунчечакнинг тарқалишини тўлиқ тўхтатишга ишончи комил эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «CNA»

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча маймунчечак эпидемиясига самарали жавоб беришда коронавирусга қарши курашда зарур бўлган чоралар талаб этилмайди. Чунки вирус турлича тарқалади.

«Аммо маймунчечак тарқалишини тўлиқ тўхтата оламизми ёки йўқми, биз ҳали билмаймиз. Бунинг учун касалланганларни изоляция қилиш орқали инфекция ҳолатларини сезиларли ва зудлик билан камайтириш керак. Шунингдек, вирус аниқланган одамлар кимлар билан алоқада бўлса, уларни кузатиш зарур», — деган Клюге.

У вируснинг тарқалиши саёҳатга чиқиш чекловлари олиб ташланиши фонида содир бўлганини айтган. ЖССТ расмийси ёзда Европа ва бошқа мамлакатларда инфекциянинг кенг тарқалиши эҳтимоли юқорилигини таъкидлаган.

«Келгуси ойларда режалаштирилган ўнлаб фестиваллар ва йирик базмлар вируснинг юқишига туртки бўлиши мумкин», — дейди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори.

Аввалроқ ЖССТ маймунчечак сабабли янги пандемия бошланиши эҳтимолини баҳолаганди. Шунингдек, Нигерияда маймунчечакдан илк одам ўлими қайд этилганди.

Bugun — LIVE