Иқтисод - 23:48 · 01.06.2022

Ўзбекистон илк бор Покистон орқали транзит юк жўнатди

Покистон халқаро контейнер терминали (PICT) ҳамда Карачи портида фаолият юритувчи «International Container Terminal Services, Inc.» (ICTSI) Ўзбекистондан биринчи экспорт жўнатмасини ташкил этиш орқали муҳим маррага эришди. Бу ҳақда «Hellenic Shipping News» хабар берди.

Фото: «Hellenic Shipping News»

Маълум қилинишича, операцион босқич икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни қайд этади, янги ривожланаётган савдо муносабатлари минтақавий ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, жаҳон савдосига барқарор туртки беради.

Ўзбекистондан жўнатилган юк қуруқликдаги транспорт орқали Карачи портига етказилиб, Ҳиндистонга экспорт қилиш учун тайёрланган. PICT ушбу тадбир бошқа мамлакатларни Покистоннинг савдо йўлидан фойдаланишга ундайди деб умид қилмоқда. Қайд этилишича, бу йўл минтақадаги бошқа денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар учун ноёб геостратегик афзалликлар беради.

Фото: «Hellenic Shipping News»

«PICT Покистон ҳукумати ва савдо ҳамкорлари билан мамлакат иқтисодиётини юксалтиришдек умумий мақсадга эришиш учун яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистондан биринчи юк ташиш бизнинг Карачи портида қайта ишланадиган барча юклар учун таклиф этилаётган хизматлар қийматини янада ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни ижобий акс эттиради», — дейди ПИCТ бош ижрочи директори Хуррам Азиз Хон.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Оқтов денгиз порти раҳбарияти Ўзбекистон компанияларининг юк ташиш бўйича аризаларини қабул қилишга тайёрлигини билдирганди. Шунингдек, Эрон порт ва денгиз ташкилоти бошқарувчи директори Али Акбар Сафоий мамлакат Ўзбекистоннинг Чабаҳор портидан фойдаланишга тайёрлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Bugun — LIVE