Ўзбекистон Конституциясида жамият ва шахс муносабатлари мустаҳкамланганми?

Умуман, жаҳонда конституциявий ислоҳотларга асосий сабаб бўладиган ҳолатлар нималардан иборат? Мамлакат тараққиётида жамият — ислоҳотлар ташаббускорига айланиши зарур ва шартми? Конституцияда жамият ва шахс муносабатлари атрофлича белгиланганми?

Фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий қоидалардан амалда фойдаланишларида зарурий ҳуқуқий шароитлар яратилганми? Мазкур масалаларга юридик фанлар доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров атрофлича тўхталиб ўтади.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида, қизғин муҳокамасида бўлиб турибди. Конституцияда белгиланган жамият ва шахс муносабатлари ҳам ҳозирги янгиланиш нуқтаи назардан тартибга солиниши ва такомиллаштирилиши зурур бўлган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёндир. Демократлашув жараёнида жамият – ислоҳотлар ташаббускорига айланиши зарур ва шартдир.

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда ислоҳотларнинг мантиғи талаб этаётган муҳим бир таклифни илгари сурди. Яъни замон руҳидан келиб чиқиб, конституциявий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, янги Тараққиёт стратегиясининг асосий омилларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, дунё тажрибасида ҳам туб бурилишлар даврида қатор давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилгани маълум.

Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбари таъбири билан айтганда, аввало, сенатор ва депутатлар, кенг жамоатчилик ва халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилган ҳолда, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, бугунги ва келгуси тараққиётни белгилайдиган aсосий қонунни бугунги кун талаби даражасида такомиллаштириш айни заруратдир.

Демак, биринчи навбатда, сўзсиз аҳоли томонидан ҳар бир билдирилган фикр ва мулоҳазалар, таклифлар конституциявий комиссия эътиборидан четда қолмайди. Шунга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурки, демак таклиф бердим, албатта конституция лойиҳасида ўз ифодасини топади, деган тушунчадан сал йироқроқ бўлишимиз керак. Негаки, сиз томонидан берилган таклиф конституция лойиҳасини такомиллаштиришга, бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилса, ҳеч асоссиз қабул қилинади. Шунинг учун ҳам таклиф ва тавсиялар асосланган ва аниқ мақсадга мўлжалланган бўлиши керак.

Дарҳақиқат, мамлакатда рўй бераётган сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришлар  ҳаммани бирдек фаолаштирмоқда, ўз фикрини, қарашларини эркин билдириш имкониятини яратиб бермоқда. Айниқса, 2022 йилнинг май ойида Олий Мажлис палаталари Кенгашлари қўшма мажлисида тузилган Конституциявий комиссия бу имкониятларнинг эшигини янада кенгроқ очиб бермоқда. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, конституциявий ўзгаришлар доимо кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келган. 

Эътибор қаратадиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда баъзи фуқароларимиз томонидан бўлаётган ўзгаришларга, ислоҳотларга турли талқинда ўз фикрларини билдирмоқда. Хусусан, конституциявий ўзгаришларга баъзилар салбий тарзда фикрлар билдиришмоқда, яъниким конституцияда мустаҳкамланган қоидалар ҳаётда ўз ижросини топмаяпти, эндиги бўладиган конституциявий ўзгаришлар ҳам номигагина бўлади, деган асосланмаган фикрлар янграмоқда. Дейлик, бирон бир фуқаро ўзининг баъзи муаммоларини ҳал этолмаса ҳам қайсидир маънода давлатга нисбатан, жамоатчиликка нисбатан ишончсизлик ҳиссини шакллантиради.

Шунинг учун ҳам конституциявий ўзгаришларга ҳаммани ҳам бирдайин ишонтириш қийин. Умуман бутун дунёда мазкур ҳолатларни кузатишимиз мумкин. Буни  табиий жараён десак, ҳеч ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ҳаммани бирдайин рози қилиш қийин.

Мустақилликни қўлга киритилагимиздан кейин 1992 йил декабрь ойида қабул қилинган конституциямизга ҳозирги кунга қадар 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Бу ўзгаришларнинг аксарият қисми Олий Мажлис, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, сайлов жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлардир. 

Яъни, давлат ҳокимияти тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш  билан боғлиқ жараёндир. Умуман жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб,  конституциявий ўзгаришларга инсон-жамият-давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлардаги янгиланишлар, инсон ҳуқуқларининг кенгайиши, инсонларнинг давлатга нисбатан талабларининг кучайиши, жамиятнинг янгиланиш босқичига чиқиши, давлатнинг сиёсий тизимидаги ўзгаришлар  асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Энди бевосита конституциявий нормаларнинг ҳаётдаги зарурати масаласига тўхталиб ўтадиган бўлсак, хабарингиз бор давлат раҳбари томонидан 2021 йилнинг декабрь ойида Конституциянинг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида, Конституция лойиҳасини қабул қилишда тўққизта заруратга бевосита тўхталиб ўтган эди. Шундан, жамият – ислоҳотлар ташаббускорига айланиши  масаласи ҳозирги ислоҳотларнинг долзарб вазифасига киради. Конституциянинг учинчи  бўлими айнан жамият ва шахс муносабатлари билан боғланган. Сўзсиз, мамлакатнинг тараққиёти ва истиқболини жамият институтларисиз тасаввур қилиш қийин. 

Жамият институтлари фаоллашмоқдами?

Ҳозирги кунда мамлакатда тўққиз мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Айниқса, сиёсий партиялар жамият ва давлат ўртасидаги муҳим сиёсий кўприк ҳисобланади. Йилдан йилга сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кенгайиб, таъсир доираси ошиб бормоқда. Сиёсий партияларнинг бошқа ННТ ташкилотлардан фарқли жиҳати ҳам давлат бошқаруви учун кураш олиб боришдан иборат.

Хабарингиз бор, 2019 йил январь ойида Ўзбекистон Республикасида янги, Ўзбекистон  Экологик сиёсий партияси ташкил этилди. Мазкур партия экология соҳасидаги муҳим вазифалар, хусусан, экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил иқтисодиётни ривожлантиришда ўзининг фаол ҳаракати билан иштирок этиб келмоқда.

Эътиборлиси, ҳозирги кунда аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилмоқда. Конституциянинг 56-моддасида ҳам ёшлар ташкилотини тузиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ислоҳотларнинг янги юксалиш даврида Давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик қилинмоқда.

Хусусан, 2020 йил июнь ойида алоҳида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди, 2021 йилни эса, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилинди. Буларнинг барчаси юртимиз ёшларининг ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар натижаси десак, ҳеч ҳам  янгилишмаган бўламиз.

Ислоҳотлар асносида хотин-қизларимиз ҳам давлат бошқарувида ўзининг сезиларли иштироки билан кўрина бошлади. Эътибор қаратадиган бўлсак, Конституцияда хотин-қизлар ташкилоти тузиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Қолaверса, 2019 йил центябр ойининг ўзида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқли кафолатлар тизимини яратиш билан боғлиқ иккита қонун қабул қилинди. Бу албатта, хотин-қизларнинг ижтимоий муносабатларда иштирок этишининг зарурий ҳуқуқий кафолатини яратиб берди.

Хотин-қизларни парламент  назорати нуқтаи назардан улар фаолиятини кафолатлаш мақсадида, Олий Мажлис Сенатида ҳам ҳозирги кунда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита фолият олиб бормоқда. Мисол тариқасида, Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилди. Умуман, мазкур амалга оширилаётган ислоҳотлар хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда фаол иштирокини таъминлашда яратилаётган зарур шарт-шароитлар сифатида баҳолаш мумкин.

Юқорида санаб ўтилган конституциявий ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, жамиятдаги муҳим сиёсий, иқтисодий ижтимоий воқеликларни тартибга солиш мақсадида амалга оширилган муҳим зарурий жараёндир.

Ҳаётдаги ўзгаришлар ҳамда ижтимоий муносабатлар ривожланиб бориши, жамият ҳаётининг барча жабҳасини ислоҳ қилиш зарурати ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, келгусида Конституцияда ёшлар ҳуқуқларини кафолатлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, қолаверса, жамоат бирлашмалари негизида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини конституциявий даражада мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифа сифатида қолаверади.

Умуман олганда, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бу унинг янада такомиллашуви баробарида, халқимизнинг манфаати янада ишончли кафолатланишига хизмат қилади, шунингдек, бугунги ва келгуси тараққиётни белгилаб беради.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди