Жамият - 16:48 · 01.06.2022

Ўзбекистонда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди

Президент томонидан имзоланган қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, мамлакатда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди.

Фото: «Russia-news.ru»

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, прокуратура органлари ходимлари хизмат қуролини ва шахсий ҳимоя воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди (илгари фақатгина олиб юриши мумкинлиги кўрсатилган).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, ўқотар ов қуролини, пневматик ов қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш ёки мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Ов қилиш ва балиқ овлаш, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Шу билан бирга, «Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди. Фуқаролар ва махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан даврий тиббий текширувдан ўтказилади.

Қонун билан, шунингдек, хизмат қуролига ҳамда фуқаровий қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари белгиланди.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE