Жамият - 10:01 · 01.06.2022

Ўзбекистонда қатор озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига тақиқ қўйилди

Президентнинг «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда «Нигоҳ» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар бир қатор товарларни (илова) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланади. Шунингдек, савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди.

Қуйидагиларни 1 июндан бошлаб Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинчалик тақиқланади:

  • ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи, бундан амалдаги контрактлар (шартномалар) доирасида 2022 йил 1 июнга қадар олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар, шунингдек, Ўзбекистон “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишланганлари мустасно;
  • кунгабоқар уруғлари (ТИФ TH коди 1206 00) ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари (ТИФ TH коди 1207), бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно.

Вазирлар Маҳкамасига мазкур товарларнинг ички бозорда етарли ҳажми мавжуд бўлган тақдирда, ушбу бандда кўрсатилган товарлар экспортини қайта тиклаш ҳуқуқи берилди.

Қайд этилишича, 2023 йил 1 январга қадар Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари туғрисида»ги қарорида назарда тутилган давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади. Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун ҚҚС имтиёзи узайтирилиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинганди.

Bugun — LIVE