Жамият, Тошкент вил. - 19:05 · 01.06.2022

Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлгани хабар қилинди — видео

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлгани хабар қилинди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, ўрганишлар давомида видео тасвирдаги «табиб» Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро Б.Й. (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) экани ва табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган.

Келтирилишича, фуқаро Б.Й. тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғидаги аҳоли орасида «Қуёшли» деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келган. Ўзининг кўрсатмасида 27 май куни «Доривор ўсимликлар ҳақида»ги китобдан читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса лоренгит касаллигини даволаши ҳақида ўқиб, тоғдан читтигул илдизини териб келганини ва кукун шаклида майдалаб, қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепиб (пуркаб), ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олганини маълум қилган.

Шунингдек, текширув ҳаракати давомида фуқаро Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган ва ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Мулла Маҳмуд Ҳасан исмли шахс муқаддас Қуръон оятларини ўқиган ҳолда тиббиётда даволаш имкони бўлмаган (фалаж, кўзи ожизлик) касалликларни даволагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдирганди. Хабарга кўра, ушбу видео тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, шов-шувга айланиб бораётган, фуқароларнинг тез тўпланиб қолишига олиб келаётган ҳолатлар кузатилмоқда. «Ҳурматли фуқаролар, сиздан миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда карантин қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Bugun — LIVE