Бухоро, Жамият, Фотогалерея - 17:28 · 02.06.2022

Бухородаги «Амир Олимхоннинг дачаси» ва «каптарлар отаси» билан танилган Чор Бакр мажмуаси — суратларда

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Бухоро вилоятига ташкил этилган инфо-тур давомида бир қатор ОАВ вакиллари ва блогерлар Бухоро шаҳридаги Ситораи Моҳи Хоса мажмуаси ва Чор Бакрда бўлди. Унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири масканлардан фоторепортаж тайёрлади.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Шаҳар марказидан 2,5 километр узоқликда жойлашган Ситораи Моҳи Хоса саройини қуриш ХIХ асрнинг ўрталарида бошланган ва 1914 йилда битказилган. Меъморий иншоотнинг дастлабки иморатлари Амир Насрулло ҳукмронлиги даврида қурилган.

Бироқ бу ерда сарой ва ҳушманзара боғ барпо этиш Амир Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида бошланган. Амир Олимхон эса янги сарой қурдириб, уни ғарб андозалари, рус архитектураси элементлари билан безаттирган. Шу даврдан бошлаб сарой комплекси янги ва эски саройга ажратилган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Амир саройига олиб борувчи йўлда кўзингизга биринчи бўлиб ҳашаматли тарзда безатилган дарвоза ташланади. Ўрта Осиё меъморчилигига хос бўлмаган тарзда ясалган ушбу дарвоза қизил, тўқ қизил рангли безаклари билан бойитилган. Қароргоҳ ўртасида ҳовуз жойлашган. Бухоронинг иссиқ об-ҳавосидан фарқли ўлароқ сарой иқлими шаффофдек туюлади.

Саройнинг ички хоналари орасида ўзининг ранг баранг ойналари билан ёзги хонаси ажралиб туради, кенг деворли ошхонаси, вазирлар қабулхонаси ва деворлари ойнали бўлган катта оқ зал мавжуд. Хоналарнинг ажойиб гўзаллиги, Бухоро усталари ва безакчилари уста Ширин Муродов ва Ҳасанжон томонидан амалга оширилган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Мажмуа 1927 йилда музей вазифасини бажара бошлаган. Музейда ХХ аср аввалига тааллуқли экспонатлар, хусусан, Хитой чинниси, амир ва унинг ҳарами фойдаланган кийим-кечаклар, ўз даври учун ўта замонавий ҳисобланган мебел жиҳозлари, Европа маданиятини эслатувчи идиш-товоқлар мавжуд.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Маҳаллий аҳоли бу мажмуани «Амир Олимхон дачаси» деб ҳам атайди. Чунки Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхон асосан Эски шаҳар марказидаги Арк қўрғонидаяшаган,  кўнгилхушлик,дам олиш ва меҳмонлар учун эса Моҳи Хоса ёзги саройини танлаган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Чор Бакр зиёратгоҳи Бухоро шаҳридан 6 километр ғарбда жойлашган бўлиб, бу ҳудуднинг қадимий номи Сумитандир. Тўртта буюк авлиё — Ҳазрат Абу Бакр Саъд Яманий, Ҳазрат Абу Бакр Ҳомид, Ҳазрат Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Ҳазрат Абу Бакр Тархон шарофати билан бу мавзе Чор Бакр, яъни тўрт Бакр деб аталган.

Ривоятларда бакрлар бошпанасизларга бошпана қуриб берган, толиби илмларга илм ўргатган, адашган кимсаларга тўғри йўлни кўрсатган, беморларга, етим-есирларга холис хизмат қилган. Чор Бакр мажмуаси бир-бирига туташиб кетган оилавий хазира ва даҳмалардан иборат бўлиб, уларнинг олд томони пештоқлар ва ҳужралар ҳусн бериб турувчи яхлит девор билан ўралган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Чор Бакр номи билан машҳур бу мажмуа Ўрта Осиё меъморчилигининг энг ажойиб намуналаридан ҳисобланиб, унда XVI-XVII аср меъморчилигининг Бухоро мактаби усуллари яққол ўз ифодасини топган. Хазира ва даҳмалар анча пухта ишланган бўлиб, кошинкор деворлар билан қуршалган деворларнинг ҳар жой-ҳар жойида ичкарига олиб кирувчи эшик мавжуд, даҳлизнинг ҳар икки томонида эса ҳужралар жойлашган.

Шунингдек, мажмуа Бухоро мадрасаларининг олий тоифасига киритилган бўлиб, ундаги масжид – гумбазли ва пештоқли  ҳашаматли бинодир. Масжид пештоқининг баландлиги 20–30 метр.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Ушбу мажмуанинг яна бир ўзига хос томонларидан бири — бу ерда «каптарлар отаси» ҳам бор. Чор Бакрда хўжалик ишларига қараб юрувчи ва азон айтадиган Жаъфар Ҳожиев исмли киши мажмуада 15 турдан ортиқ қушларни боқади.

У қушларни кунига 2-3 маҳалдан ўзи овқатлантиради. Одамлар мажмуага, айниқса, қўлга ўрганган каптарларни кўриш учун ҳам келади.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Bugun — LIVE