Жамият - 11:58 · 02.06.2022

ДХХ Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган психотроп дориларни сотувчи гуруҳ фаолиятига чек қўйди — видео

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир натижасида Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Кадр: Telegram

Олинган маълумотларга кўра, 1988 ва 1991 йилларда туғилган, муқаддам судланган ака-ука томонидан 2 нафар қариндошларини жалб этган ҳолда кишига вақтинчалик сархушлик бағишлайдиган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг барқарор савдоси йўлга қўйилган.

Дастлаб вилоят марказидаги Навоий шоҳ кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда 1997 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги «Nexia-3» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда унинг салон қисмида 70 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Сўнгра унинг кўрсатмаси асосида жиноий гуруҳнинг бошқа бир аъзоси — муқаддам 3 маротаба судланган, 1983 йилда туғилган аёлнинг яшаш хонадонидан таркибида психотроп моддалар туркумига кирувчи «тригексифенидил гидрохлорид» моддаси бўлган 75 дона «Циклодол» дори воситаси, шунингдек, 1715 дона «Регапен», 211 дона «Тропикамид», 200 дона «Зардекс», 185 дона «Лирика» кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинди.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ етакчилари бўлган ака-уканинг маҳаллий аҳоли орасида электросеть кўчаси дея аталувчи — А.Ҳайдаров кўчасида жойлашган яшаш хонадонларида ва шаҳарнинг Амир Темур кўчасида жойлашган, уларга тегишли тунги клубда ва автомашиналар ювиш шохобчасида ҳам тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Натижада келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган умумий қиймати 103 миллион сўмлик 3000 дона «Тропикамид», «Регапен» «Лирика» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари, «бита» таёқлари, ўткир тиғли жисмлар, алоқа воситалари, катта миқдордаги пул маблағлари, ҳисоб-китоб дафтарлари, гаров сифатида қолдириб кетилган ҳайдовчилик гувоҳномаси, диплом, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома, фуқаролик паспортлари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Бундан ташқари, ДХХ ходимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдосига қарши ўтказилган бошқа бир тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси шаҳарнинг Дўстлик МФЙ ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унда 2296 дона «Лирика», 1598 дона «Тропикамид» ва 337 дона «Регапен» дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.

Бу каби тадбирлардан яна бири Олтинкўл туманида ўтказилиб, унда Наманган–Андижон йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Lacetti» автомашинасида 4032 дона «Регапен» ҳамда 971 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, Олтинкўл туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган 2 нафар фуқаро ушбу дори воситаларини Андижон шаҳрида сотишни режалаштирган.

Аввалроқ ДХХ 5 килограмга яқин гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйганди.

Bugun — LIVE