Жамият, Сиёсат - 9:36 · 02.06.2022

Инвестиция вазирлигининг қатор ходимлари давлат тузилмаларида раҳбарлик лавозимига тайинланди

Давлат раҳбари ва ҳукумат қарорларига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бир қатор таркибий бўлинмалари раҳбарлари янги лавозимларга тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жумладан, ижтимоий соҳа ва фармацевтика саноати бошқармаси бошлиғи Эгамов Улуғбек Абдувалиевич Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Енгил ва электр саноати бошқармаси бошлиғи Султонов Мирмуҳсин Мирсодиқович «Ўзтекстилсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган бўлса, Геология, тоғ-кон саноати, металлургия, машинасозлик ва қурилиш материаллари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эгамбердиев Бунёд Бахтиярович Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонасининг савдо-иқтисодий ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият бошлади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Хитой билан ҳамкорлик қилиш бош бошқармаси бошлиғи Жумаев Шоҳжаҳон Шокирович Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди. 1 июнь куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов вазирлик жамоаси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида юқоридаги раҳбарларнинг янги лавозимларга тайинланганлари билан самимий табриклаб, кейинги касбий фаолиятларида муваффақият тилади.

Аввалроқ Мамаризо Нурмуродов Марказий банк бошқаруви раиси этиб қайта тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Аъзам Абдуллаев «Ўзкомназорат» бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Bugun — LIVE