Жаҳон - 19:10 · 02.06.2022

ЖССТ маймунчечакнинг келиб чиқиш сабабини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан маймунчечак каби касалликларнинг тарқалиши иқлим ўзгариши билан боғлиқлигини айтган. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «CNC»

Мутахассисга кўра, иқлим ўзгариши об-ҳавонинг ўзгаришига ҳисса қўшади ва қурғоқчиликка олиб келади.

«Озиқ-овқат излаб, ҳайвонлар ва одамлар ўзларининг хатти-ҳаракатларини ўзгартира бошлади. Оқибатда ҳайвонларга хос бўлган касалликлар одамларга юқа бошлади», — деган у.

ЖССТ Европа бюроси раҳбари Ханс Клюге май ойи охирида маймунчечак тарқалишининг олдини олиш мумкинлигига 100 фоиз ишонч йўқлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ёзда касалликнинг тарқалиш тезлиги фақат ошиши мумкин. Кўпгина давлатлар оммавий равишда ковид чекловларини олиб ташлади, яъни иссиқ мавсумда одамлар кўп бўлган тадбирлар бўлади ва бу касаллик тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Аввалроқ маймунчечакнинг асосий учта аломати санаб ўтилганди. Шунингдек, ЖССТ маймунчечак сабабли янги пандемия бошланиши эҳтимолини баҳолаганди.

Bugun — LIVE