Сиёсат - 20:40 · 02.06.2022

Мирзиёев ва Раҳмон икки мамлакат ҳамкорлигининг устувор йўналишини маълум қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон раҳбари кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан муваффақиятларга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиб, Тожикистон бизнинг яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз эканини таъкидлаган. Шунингдек, ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама ҳамкорликни мамлакатлар ва халқлар манфаати йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилган.

Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Товар айирбошлаш қарийб 40 баробарга кўпайиб, 600 миллион долларга етган. Қўшма корхоналар сони 10 карра ошган.

Куни кеча ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумнинг муваффақиятли натижалари — 1 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар имзолангани мамнуният билан қайд этилган.

Транспорт, ҳудудлараро ҳамкорлик, парламентлараро ва маданий-гуманитар алоқалар борасида ҳам муҳим натижаларга эришилган. Икки давлат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе шаҳарлари, Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Мазкур ташриф доирасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни Жиззах ва Сўғд вилоятлари ҳам қабул қилган.

Президентлар биродар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий шериклик устувор аҳамиятга эга эканини, савдо ҳажми ва номенклатурасини каррасига ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаган.

Машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм, фармацевтика, озиқ-овқат, агросаноат, тоғ-кон, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш учун катта истиқболлар борлиги қайд этилган.

Ўзбекистон–Тожикистон инвестиция компанияси салоҳиятини фаол ишга солиш орқали ҳудудлараро ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилган.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувларга эришилган. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва маънавиятини юксалтириш устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Етакчиларнинг мамлакатлар ўртасидаги абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш бўйича тарихий қарори қўйилган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади.

Таъкидланишича, Тожикистон Президентининг дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўладиган жорий йилда ўтаётган ушбу ташрифи биродар халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг ёрқин тасдиғидир.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатга келганди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари тор доирадаги учрашув ўтказганди.

Bugun — LIVE