Жамият - 18:35 · 02.06.2022

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари тор доирадаги учрашув ўтказди

Кўксаройда 2 июнь куни Тожикистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилди. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан тантанали юриб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам ҳозир бўлди. Давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларда ютуқларга эришилди. Олий даражадаги музокаларда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришини тасдиқлади.

Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдирди.

Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатга келганди.

Bugun — LIVE