Жамият, Сурхондарё - 21:29 · 02.06.2022

Сурхондарёда ИИБ терговчиси аёлга тегажаклик қилиб, унинг онасини қамагани хабар қилинди

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Ички ишлар бошқармаси терговчиси аёлга тегажаклик қилиб, унинг онасини қамагани хабар қилинди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, туманда яшовчи Г.Тўҳтаева ва бошқаларнинг ижтимоий тармоқларда «Шўрчи тумани ИИБ терговчиси менга тегажоғлик қилди онамни ноҳак қамаб ўтирибди, мени ҳам 6 кун қамади» сарлавҳали видеомурожаати тарқалган.

Аниқланишича, Шўрчи тумани, Дўстлик маҳалласида яшовчи Д.А. Н.Х. ва О.Қ.лар бир гуруҳ бўлиб, Шўрчи тумани Боботоғ маҳалласида жойлашган «Файз» савдо мажмуасига келиб, ушбу савдо мажмуасида заргарлик билан шуғулланувчи ўзига олдиндан таниш бўлмаган туманнинг Жойилма маҳалласида яшовчи Қ.Қ.ни ишончига кирган. 2021 йилнинг март–июнь ойлари давомида Қ.Қ.дан жами 119 миллион 151 минг сўмлик тилло тақинчоқларни пулини кейинчалик бериш шарти билан олиб кетиб, келишилган вақтда бермасдан, ўзининг шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 31 декабрда Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а, б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов натижасига кўра, 2022 йил 28 мартда Д.А.га нисбатан суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга юборилган.

Шунингдек, жиноят иши бўйича Д.А. ўзининг жиноий ҳаракатларини Н.Ҳ, О.Қ. ҳамда Г.Т.лар билан бир гуруҳ бўлиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а,б» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этгани аниқлангани сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 332-моддасига (Жиноят ишларини бирлаштириш ва ажратиш) мувофиқ жиноят ишининг уларга нисбатан бўлган қисми жиноят иши тариқасида алоҳида иш юритувга ажратилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. 2022 йил 18 майда Г.Т. ва Н.Х.лар Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланиб, 2022 йил 20 майда уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

О.Қ. ва М.Х. 2022 йил 21 май куни тергов органига келишдан бош тортганлиги сабабли уларни мажбурий тартибда келтириш тўғрисида қарор чиқарилган, 24 майда қарорга асосан туман ИИБ ходимлари томонидан уларнинг яшаш уйларига борилганда уйда йўқлиги аниқланиб, бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилган.

23 майда айбланувчи Г.Т. етказилган 11 миллион 187 минг сўмлик моддий зарар тўлиқ қоплагани сабабли «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, «муносиб ҳулқ атворда бўлиш ҳақида»ги тилхат қўлланилиб, очиққа чиқарилган. Шу каби, 31 майда айбланувчи Н.Х. жабрланувчиларга етказилган 67 миллион 500 минг сўмлик моддий зарарни тўлиқ қоплагани сабабли «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси «гаров» эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.

Ҳозирда Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Г.Т. ва бошқаларнинг видеомурожаатида баён қилинган ҳолатлар бўйича вилоят ИИБ томонидан идоравий хизмат текшируви ўтказилмоқда. Бундан ташқари, Г.Т. жорий йилнинг 25 май куни эрталабки соат тахминан 4:30 да ўзининг яшаш уйи ёрдамчи хўжалигидаги шифтга синтетик арқон ёрдамида ўзини-ўзи осиб, ўз жонига суиқасд қилгани ҳолати юзсидан ҳозирда Шўрчи тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Текшириш давомида ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Аввалроқ Тошкентда 9 февраль куни йўл-патруль хизмати ходими ва ҳайдовчи ўртасида жанжал юз берганди. Шунингдек Қашқадарёда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлганди. Ҳамда Андижонда прокуратура ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув бўлгани айтилган хабарга изоҳ берилган.

Bugun — LIVE