Жамият, Тошкент вил. - 23:35 · 02.06.2022

Тошкент вилоятида 2 гектар ерни 140 минг долларга сотмоқчи бўлган эркаклар ушланди — видео

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 2 гектар ерни 140 минг долларга сотмоқчи бўлган эркаклар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Фото: Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармаси

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида яшовчи «Алишер» ва «Дилмурод» исмли шахслар Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган 1,87 гектар бўш ер майдонини харидорга ҳеч қандай ҳужжатсиз (ноқонуний равишда) 140 минг долларга сотмоқчи бўлган ва олдиндан аванс сифатида 10 минг доллар миқдоридаги пулни талаб қилиб, ернинг кадастр ҳужжатларини кейинчалик тўғрилаб беришни ваъда қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидурув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва Ер ресурсларни талон-тарож қилишга қарши кураши бўлинмаси ходимлари томонидан Нурафшон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1976 йилда туғилган А.З. ва Д.Т. талаб қилинган 10 минг доллар миқдоридаги пулни пора тариқасида олган вақтида холислар иштирокида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахслар ва уларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Нурафшон шаҳар ИИБга топширилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Давлат хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги ерни сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчисини қўлга олганди. Шунингдек, Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушганди. У фуқародан ер олиб бериш учун 5,5 миллион сўм талаб қилган.

Bugun — LIVE