Жаҳон - 22:34 · 03.06.2022

АҚШдан Россияга аталган навбатдаги «жазо», Шойгунинг янги топшириғи ҳақида айтган Қодиров ва Россиядан «воз кечган» Хитой

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 3 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The Times of Israel»

NYT: АҚШ Украинада мусодара қилинган Россия қуролларини текширади

АҚШ Украинага мамлакат қўшинлари томонидан қўлга киритилган Россия қуролларини ўрганаётган мутахассислар гуруҳини жўнатди, деб хабар берди «The New York Times». Нашрнинг ёзишича, гуруҳ ўз фаолияти давомида Россия қуролли кучлари қўллаган қурол ва ўқ-дориларда у ёки бу тарзда Америка технологияларидан фойдаланилганини аниқлаган.

Мақолада таъкидланишича, тадқиқотчилар Украина Хавфсизлик хизмати томонидан таклиф қилинган. Уларнинг қўлига тушган қуроллар орасида лазер масофа ўлчагичлари ва қанотли ракеталарни бошқариш қурилмалари бор.

Қодиров: «Шойгу Украинадаги махсус операция жараёнини тезлаштиришга қаратилган чораларни қабул қилди»

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашди. Қодировнинг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги раҳбари Украинадаги ҳарбий амалиётлар доирасида унинг боришини тезлаштирадиган янги вазифаларни белгилаб берган.

«Сергей Кужугетович кейинги тактикани такомиллаштиришни назарда тутувчи янги вазифаларни белгилаб берди. Кўрилган чора-тадбирлар ҳужумкор манёврлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради, бу эса ‘махсус операция’ни тезроқ ўтказишга ёрдамлашади», — деб ёзган Чеченистон раҳбари ўзининг Telegram каналида.

Унинг сўзларига кўра, Сергей Шойгу жанговар ҳаракатларда қатнашаётган чечен ҳарбийларига миннатдорчилик сўзларини етказишни сўраган. «Биз Украинада ‘махсус операция’ бошланган биринчи кунларданоқ Россия Мудофаа вазирлигининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳис қиляпмиз», — деган Рамзан Қодиров.

Москва ва Луганск қардош шаҳарларга айланди

Москва мэри Сергей Собянин Луганскга ташриф буюриб, Луганск раҳбари Леонид Пасечник билан учрашди. У ерда Москва ва Луганск қардош шаҳарларга айланганини маълум қилган ҳолда шаҳарни қайта тиклашга ваъда берди. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар оқибатларини тезда бартараф этиш ва шаҳар инфратузилмасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш муҳимлигини қайд этди.

Қардош шаҳарлар — маданият ва тарих билан ўзаро танишиш мақсадида дўстона алоқалар ўрнатилган шаҳарлардир. Бундай ҳамкорлик делегациялар, кўргазмалар, адабиётлар, шаҳарлар ҳаётига оид фильмлар алмашишда намоён бўлади.

АҚШ Россия ва Беларусь билан ҳамкорлик қилган компаниялар учун солиқ «жазо»сини тайёрламоқда

АҚШ Конгресси Россия ва Беларусда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун солиқларни ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рўйхатга олди. Бу ҳақда Украина Олий Рада солиқ қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари, депутат Ярослав Железняк ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

«‘Солиқ кодекси орқали Украинани қўллаб-қувватлаш’ деб номланган қонун лойиҳаси муаллифлари конгрессменлар Жаред Голден, Дон Бекон, Салуд Карбахаль, Жим Берд ва Адам Кинзингердир», — дейди Железняк.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси тегишли компаниянинг Россия ва Беларусдаги фаолияти ширкатнинг Шимолий Корея, Эрон, Сурия ва Кубадаги фаолияти билан тенглаштирилишини назарда тутади, бу эса автоматик равишда ушбу компаниялар учун солиқларнинг сезиларли даражада ошишини англатади.

Уруш очлик ёқасида турган одамлар сонини 323 миллионга етказади — БМТ

Россиянинг Украинага қарши урушининг давом этиши дунёда оммавий очарчиликка олиб келиши мумкин — 323 миллионга яқин одам очлик ёқасида қолиши тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда дунёда озиқ-овқат муаммоси янада оғирлашган. Сабаби коронавирус пандемияси, харажатларнинг кўпайиши ва, албатта, дунёнинг озиқ-овқат етказиб берувчиси бўлган Украинадаги урушдир.

Хитой Ғарб санкциялари туфайли Россияга ёрдам беришдан бош тортмоқда — «The Washington Post»

Яқинда Россия икки марта иқтисодий ёрдам сўраб Хитойга мурожаат қилди, аммо Ғарб санкциялари туфайли рад жавобини олди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Қайд этилишича, Кремл яқинда Пекинга иқтисодий ёрдамнинг янги шаклларини таклиф қилиш илтимоси билан икки марта мурожаат қилган. Агентлик манбаларга таяниб, гап «савдо мажбуриятлари», шунингдек, молиявий ва технологик ёрдам ҳақида кетаётганини билдирган.

«Хитой Украинадаги вазият ва Россияга қарши ноқонуний санкциялар бўйича ўз позициясини аниқ билдирди. Биз мушкул аҳволни (Россиядаги — таҳр.) тушунамиз, лекин бу мулоқотда ўз ҳолатимизни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Хитой ҳар доим Хитой халқи фойдасига ҳаракат қилади», — деган манба.

Хабар қилинишича, Хитой етакчиси Си Цзиньпин ўзининг энг яқин маслаҳатчиларига санкцияларни бузмаган ҳолда Россияни молиявий жиҳатдан қутқариш йўлларини топишни буюрган.

Bugun — LIVE