Жамият, Жаҳон - 21:00 · 03.06.2022

Бугун оқшоми. Нархи икки баравар ошган Ҳаж сафари, танқидларга учраган сўм рамзи, ва ниҳоят санкцияларга тушган Алина Кабаева

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Иккита хабар бор. Бири яхши, иккинчиси ёмон. Ҳаммаси яхши бўлиши учун хабарни яхшисидан бошлаймиз: Ўзбекистонликлар учун Ҳаж мавсуми 18 июндан бошланади. Аммо унинг нархи салкам икки бараварга ошди.

Фото: «Reuters»

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж мавсуми 18 июнь куни бошланиб, 31 июль куни якунланади. Зиёратчилар мамлакатнинг 7 та ҳудуди: Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларидан ташиш режа қилинган. Барча рейслар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади (одат, анъана ва яна алламбалоларга содиқ қолган ҳолда, албатта, «Uzbekistan Airways» орқали). 14–31 июль кунлари эса улар ортга қайтади.

Аммо унинг нархи ўтган йилгига қараганда деярли икки бараварга ошиб, 62 миллион 900 минг сўм (мана шу ерга янги танланган рамзни қўйсак бўларди, лекин ҳали унинг дижитал версияси чиқмаган, чиқиши ҳам жуда қийин — гап келганида гапда, энди) этиб белгиланди.

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар ўтган ойнинг бошида Саудия Арабистонига бориб, шарт-шароит ва нарх-навони ўрганган.  Унда коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошгани маълум бўлган. Шунингдек, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Ўзгаришлар натижасида дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40–45 фоизга кўтарилгани маълум бўлди.

Фото: «Muslim.uz» / Иллюстратив

Шуларни инобатга олиб, «Ҳаж–2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, сафар давомида Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг 2022 йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланган. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этиб, зиёрат нархи 33,5 миллион сўмга етганди.

Самарқандда қозоғистонлик сайёҳларга куч ишлатган 2 нафар ИИБ ходими ишдан бўшатилиб, уларга жиноят иши қўзғатилди.

Кадр: Telegram

Самарқанд шаҳрида 21 май куни тунги пайтда сайёҳларга қўпол муомалада бўлиб, электрошокер ишлатган ИИБ ходимлари ишдан бўшатилди, уларга нисбатан жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Ўзбекистонда тиббиёт ходими фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Агар шундай бўладиган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача жарима белгиланиши мумкин.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган тегишли қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қатор моддаларига ўзгартириш киритилиши кутилмоқда. Хусусан, 197-модда (Тиббиёт ходимининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш) тиббиёт ходимининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни тиббиёт ходимининг тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиш мақсадида ноқонуний топшириқлар бериш бўйича ўзгартириш киритилади.

Ушбу ҳаракатни содир этган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача жарима белгиланиши мумкин. Шу билан бирга, мансабдор шахслар томонидан бу амалга оширилса, етти баравардан ўн бараваргача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

«Давлат унга умр бермаганми, уни тортиб олиши ҳам керак эмас» — Акмал Саидов ўлим жазосини тиклаш бўйича берилган таклиф ҳақида.

Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида унга 3 июнга қадар 8500 дан ортиқ таклиф келиб тушгани айтилди. Улар орасида ўлим жазосини қайта тиклаш таклифи ҳам бўлган. Бунга комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ўз муносабатини билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўлим жазосини тиклаши керак эмас, аксинча — тақиқланишини Конституцияга қўшиш керак.

«Биз инсонпарварлик нуқтаи назаридан [ўлим жазосини] бекор қилганмиз. Давлат ўзи бермаган нарсасини олиб қўйишга ҳаққи йўқ. Инсоннинг туғилиши — Аллоҳнинг инъоми, ота-онасининг ҳаракати. Давлат унга умр бермаганми, уни тортиб олиши ҳам керак эмас. Ўйлайманки, биз ҳозирги йўлимиздан қайтишимиз керакмас. Менинг фикримча, 24-моддага келганда «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади» деган жумлани қўшиш керак. Ўйлашимча, ўлим жазосини тиклаш таклифини олиш мураккаб бўлса керак», — деди Акмал Саидов.

Конституцияга ўзгартириш киритиш таклифларидан яна бир шингил: Ўзбекистонни парламентар республикага айлантириш ва мактабни битирган барча йигитларга ҳарбий мажбуриятни ўташ таклиф этилди.

Фото: «Sputnik»

Таклифларнинг биринчиси қабул қилинмаслиги деярли аниқ бўлди, Акмал Саидов бунга ўтишга ҳали эрта эканини айтган (у таклифда аниқлик йўқ эканини ҳам алоҳида таъкидлаган). Иккинчи — ҳарбий хизмат ҳақидаги таклифни эса «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодировнинг ўзи берган. Унинг сўзларига кўра 6 ойлик ҳарбий мажбурият Конституцияга киритилиши «Ўзбекистонда ватанпарвар йигитларнинг пайдо бўлишида жуда катта аҳамият касб этади».

Эмомали Раҳмон Ўзбекистонда. Иккинчи кун:

  • Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига бориб, Эмомали Раҳмонни кутиб олди;
  • Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари Урганчдаги экскаватор заводига борди;
  • Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан Ичан қалъани айланди.

«Илон ўйин», туя ва плагиат. Сўмнинг расмий рамзи танқидларга учрамоқда.

Миллий валюта — cўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Марказий банкнинг ушбу ахборотидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп ўқувчили блогерлар томонидан муносабат билдирилди. «Bugun.uz» уларни бир жойга тўплади.

Фото: Марказий банк

Миллий валюта — сўмнинг янги (биринчи) расмий рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов ниҳоясига етди ва келиб тушган 500 дан ортиқ намуналардан (ҳайъат аъзоларининг фикрича) энг креативи танлаб олинди. Қуйидаги суратда кўрсатилган белги энди ўзбек сўмининг расмий рамзи ҳисобланади. Унда U ва S ҳарфлари уйғунлашган.

Хўш, оламда нима гап?

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини тасдиқлади. Алина Кабаева ҳам санкцияга тушди.

Иттифоқ дипломати Жозеп Боррел янги иқтисодий санкциялар қўллаш орқали урушни молиялаш имконияти чекланишини айтган. Санкцияларга кўра, Россиядан Европа Иттифоқи мамлакатларига нефть маҳсулотларини сотиб олиш, импорт қилиш ва ўтказиш тақиқланади. Нефтдан воз кечиш олти ойдан бошлаб, нефть маҳсулотларини рад этиш эса саккиз ойгача давом этади.

Фото: «Flickr»

Биринчидан, ЕИ географик жойлашуви туфайли қисқа вақт ичида муқобил манбаларни топа олмайдиган бир қанча давлатлар учун истисно қилади. Иккинчидан, Россия Сбербанки, Москва кредит банки, Россия қишлоқ хўжалиги банки ва Беларусь тараққиёт ва тикланиш банки SWIFT тизимидан узилади. Учинчидан, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида Россиянинг учта давлат телеканали эфири тўхтатилади. Булар «Россия РТР/РТР Планета», «Россия 24» ва «Международный ТВ Центр».

Тўртинчидан, Буча ва Мариуполдаги «ваҳшийлик»да иштирок этганларга нисбатан қўшимча санкциялар қўлланилади. Ушбу чора-тадбирлар Россия ҳукуматига яқин бўлган ва урушни қўллаб-қувватловчиларга ҳам таъсир қилади.

Фото: «Риа Новости»

Бешинчидан, Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияга консалтинг, бухгалтерия ҳисоби ва пиар хизматларини тақдим этиши тақиқланган. Шунингдек, Россия ва Беларусь жисмоний ва юридик шахслари рўйхати кенгайтирилди. Бундан ташқари, Алина Кабаева ҳам Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE