Жамият, Сирдарё - 11:14 · 03.06.2022

ДХХ Сирдарёда «электросеть»нинг 2 ходимини пора билан қўлга олди — видео

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти Гулистон туманида ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг 2 нафар ходимини пора билан қўлга олди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 2 нафар ходими маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга қарашли туман ҳудудидан ўтувчи Сирдарё ўзанидан қум-шағал қазиб олиш «карьер»ини йўлга қўйишда ёрдамлашишни ваъда қилан. Улар 1 дона электр трансформатори, 100 дона бетон симёғоч, 17,5 километр масофага етадиган электр симлари ва бошқа эҳтиёт қисмларни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» ҳисобидан чиқариб беришни айтган.

Шунингдек, ходимлар соҳага тегишли идорадан электр тармоғига техник шартларда қайд этилган талаб асосида ижобий хулоса олиб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 510 миллион сўм ва 5 минг доллар талаб қилган. ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Дастлаб корхонанинг Давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш ва ривожлантириш хизмати ходими олдиндан 300 миллион сўм ҳамда 5 минг долларни олган вақтида ушланган.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, у 5 минг долларни шериги, корхонанинг мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати ходимига берган вақтида у ҳам ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Сирдарёда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйганди. Корхона давлатга 532 миллион сўм зарар етказган.

Bugun — LIVE