Жамият, Иқтисод - 17:25 · 03.06.2022

«Илон ўйин», туя ва плагиат. Сўмнинг расмий рамзи танқидларга учрамоқда

Миллий валюта — cўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Марказий банкнинг ушбу ахборотидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп ўқувчили блогерлар томонидан муносабат билдирилди. «Bugun.uz» уларни бир жойга тўплади.

Миллий валюта — сўмнинг янги (биринчи) расмий рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов ниҳоясига етди ва келиб тушган 500 дан ортиқ намуналардан (ҳайъат аъзоларининг фикрича) энг креативи танлаб олинди. Қуйидаги суратда кўрсатилган белги энди ўзбек сўмининг расмий рамзи ҳисобланади. Унда U ва S ҳарфлари уйғунлашган.

Фото: Марказий банк

Халқ ушбу рамзни чизган ва танлаган қаҳрамонларни таниши керак: график белги Жумагалдиев Сарвар томонидан чизилган, шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланган.

Белги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп ўқувчили блогерлар томонидан танқидга учради. Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров уни туяга ўхшатган (аммо оригинал чиққанини кейинчалик қўшиб қўйган), блогер Нурбек Алимов эса унга озроқ ўзгартириш киритиб, эски телефонлардаги «Snake Xenzia» ўйинига қиёсланган вариантни таклиф қилган.

Фото эдит: Telegram / @nurbekalimov

Алимов сўмнинг танлаб олинган белгиси ёқмаганини қайд этиб, у умумхалқ овозига қўйилиши кераклигини айтган.

«Аслида, мана шунақа танловларни умумҳалқ овозига қўйиш керак бирорта сайтда, электрон имзо билан овоз берадими, фарқи йўқ. Нега ими-жимида 4 та чол ўтирган комиссия ғолибни аниқлаб қўя қолади?» — деб ёзган у ўз блогида.

Блогер «davletovuz» ўзнинг шахсий қайдлари ёзиладиган лайт каналида U ва S ҳарфлар қоришмасига «Islamic State» деб изоҳ қолдирган. Бундан ташқари, «Микрафон кўтарган аёл» блоги муаллифи Азиза Қурбонова сўмнинг янги белгисини кўргач, Telegram канали суратини янгиламасликка қарор қилган.

Машҳур кўча граффитилари муаллифи (масалан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биносига чизилган «Шум бола») «InkuzArt» ҳам ўз вариантларини таклиф қилган. У тарихий обидалардан (орнаментлар) илҳомланган ҳолда белги яратган.

«В Стране O‘z» Telegram каналида эса бундай «санъат» 15 миллион сўмга мос эканини ёзган (танлов ғолиби айнан шунча сумма олади).

«Афтидан, нарх қандай бўлса, сифат ҳам шундай. Энди бу бизнинг купюрамизни ифодалайди, аммо бунга кўниш қийин. Балки яна ўйлаб кўрармиз? Бу, аслида, жуда муҳим. Балки йўқ…», деб ёзади канал админи.

Умуман олганда, бундай логотипли компаниялар аллақачон мавжуд, масалан, «in-core systemes». Ушбу Франция компанияси технологик тизимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Скриншот: «incore-systemes.com»

«Kommers.uz» нашри ушбу белгини (юқоридаги скриншотга асосланиб) плагиат бўлиб чиққанини ёзмоқда.

Telegram’даги «ЩА ВСЁ БУДЕТ» реклама, маркетинг ва дизайнгга оид канал сўм учун танлаб олинган белги Google қидирув тизимида биринчилардан бўлиб чиқиб келаётганини ёзган. Кўринишидан, ростдан ҳам шундай — деярли бир хил. Канал админи дизайнерларга (балки «дизайнер»ларга) қидирувдан сўнг иккинчи-учинчи саҳифаларга ҳам ўтишни тавсия қилган. Найс.

Скриншот: Google

Тезкор реакция: «Troll.uz» аллақачон сўмнинг янги рамзи тушрилган (тўғрироғи, шунга асосланган) футболкалар(ни сотувга) чиқарди.

Фото: «Troll.uz»

Осиёда ўз ўрнига эга бўлган «Ma’no Branding» жамоаси ҳам ушбу танловда ўз вариантлари билан қатнашган. Компания сайтида ёзилишича, иш жараёнида лойиҳага шрифт дизайнерлари, дизайн соҳаси мутахассислари ва ижодкорлар жалб қилинган. Уларда ҳам қабул қилинган дизайнли белги чизилган, бироқ S ҳарфининг мураккаб дизайни туфайли бу концепция учун вариантлар танланмаган.

Скриншот: «manobranding.uz»

«Ma’no Branding» қуйидаги учта белги билан танловда қатнашган (улар ғолиб бўлмагани аниқ бўлиб бўлди). Жамоа улардан учинчисини афзал кўришини айтган.

Скриншот: «manobranding.uz»

«Weblancer.net» платформасида сўмнинг тасдиқланган белгиси муаллифи Сарвар Жумагалдиевнинг портфолиосини кўриш мумкин.

Скриншот: «weblancer.net»

Муносабатлар дайжестини иқтисодчининг фикри билан якунлаймиз. Telegram’даги «Mirkanomika» блоги асосчиси иқтисодчи Миркомил Холбоев белгига эмас, бошқа жиҳатга эътибор қаратган.

«Хуллас, сўм белгисининг қандай бўлиши монетар сиёсатга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Яъни бу белги инфляция, пул массаси, ишсизлик, иқтисодий ўсиш ёки валюта курси каби биз учун муҳим бўлган кўрсаткичларнинг ҳеч бирига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Шундай экан, сўм белгисининг эълон қилинганини бу даражада қаттиқ муҳокама қилиш деярли маънога эга эмас.

Афсуски, аслида сўм белгисининг қандай бўлишидан минг марта муҳим бўлган монетар сиёсатдаги биронта ўзгаришнинг бу даражада муҳокамага сабаб бўлганини кўрмаганман», — дейди иқтисодчи.

Миржалол Қосимов тайёрлади

Bugun — LIVE