Жамият, Наманган - 14:47 · 03.06.2022

Наманганда цемент ишлаб чиқарувчи завод қулагани айтилди — видео

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 3 июнь куни цемент ишлаб чиқарувчи завод қулагани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

ФВБнинг маълум қилишича, Янгиқўрғон тумани Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Жаҳон евро сервис» МЧЖнинг цемент ишлаб чиқарувчи заводи қулагани ҳақида маълумот тарқалган. Олиб борилган ўрганиш давомида заводдаги омборга яримтайёр маҳсулот белгиланган меъёрдан кўп миқдорда олингани сабабли омборнинг том қисми қулагани аниқланган.

Вилоят ИИБнинг ёзишича, Поромон қишлоғида жойлашган «Поромон цемент» заводида махсус шлангда тўпланган қум аралашмаси ва хомашё қолдиғининг бир вақтда ташқарига отилиб чиқиши оқибатида атрофга чанг сочилган. Ҳодиса сабаб ҳеч ким жароҳат олмаган. Корхона кундалик тартибда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Аввалроқ Хоразмда мактабнинг том қисми қулаб тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда юк машинаси устига профнастил қулаб тушган.

Bugun — LIVE