Жамият - 15:46 · 03.06.2022

Ўзбек сўми учун расмий рамз эълон қилинди — фото

Марказий банк миллий валюта — сўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижаларини эълон қилди.

Фото: Марказий банк

Қайд этилишича, миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича танлов икки босқичда ўтказилган. Саралаш босқичи танлов ташкилий қўмитаси томонидан ўтказилган ва қуйидагиларни ўз ичига олган:

дастлабки саралаш — ҳар бир танлов лойиҳасини техник талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиш (ишлаб чиқилган элементлар бўйича тўлиқ маълумотларни ва аҳамиятини акс эттирувчи концепция; имзоланган ариза; юборилган аризада барча ҳужжатларнинг илова қилингани).

Натижада 508 та ижодий лойиҳа танлаб олинган ва уларнинг ҳар бирига махфийликни таъминлаш мақсадида индивидуал шифр рақамлари берилган. Техник экспертиза — шифрланган ижодий лойиҳалар танлов мезонларига мувофиқлиги бўйича текширилган. Натижада 54 та шифрланган ижодий лойиҳалар танлов ҳакамлар ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Танловнинг якуний босқичида шифрланган лойиҳалар Марказий банк, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари томонидан баҳоланган.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов ишларини қуйидаги мезонларга мувофиқ баҳолаган:

  • ўзига хослик (уникал) ва оригиналлик;
  • универсаллик;
  • осон таниб олиниши;
  • рамзий ва фарқли жиҳатлари;
  • сўм рамзининг турли форматларда график қўлланилишининг қулайлиги.

Танлов натижаларига кўра, ҳайъат томонидан Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг ўзига хос тимсолини ёрқин ифода этган энг креатив лойиҳа сифатида Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинган.

Маълумот учун, кенг жамоатчиликни пул бирлиги рамзини яратишга жалб қилиш мақсадида Марказий банк томонидан миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича танлов 2022 йилнинг 8 февралидан 31 мартига қадар ўтказилган. 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига миллий валюта рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танловга юборилган аризаларнинг умумий сони 17 мингдан ортиқни ташкил этган.

Аввалроқ Марказий банк 5000 ва 10 000 сўмлик банкнотларнинг янги суратини эълон қилганди.

Bugun — LIVE