Жамият - 23:04 · 03.06.2022

Ўзбекистон «Halal in Travel — Global Summit 2022»да икки номинация бўйича ғолиб бўлди

Сингапурд 31 май–2 июнь кунлари мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Halal in Travel — Global Summit 2022» саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов онлайн форматда иштирок этиб, сўзга чиқди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, «Halal in Travel Awards» глобал саммити доирасида Самарқанд шаҳри «Йилнинг ислом мероси манзили» ва «Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри» мукофоти ғолиби бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳар йили «CrescentRating» томонидан эълон қилинадиган «World Muslim Travel Index» рейтингида кучли ўнталикка кирган.

Ушбу рейтингни ишлаб чиқишда мамлакатнинг сайёҳлар учун очиқлик сиёсати, мусулмон туристлар учун яратилган имкониятлар, тарғибот ва маркетинг, ислом меросини сайёҳларга етказиш даражаси каби қирқдан ортиқ мезон ҳисобга олинган. «CrescentRating» ташкилоти раҳбари Фазал Баҳардин бу йилги кўрсаткичларга алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонни рейтингда энг тез кўтарилган ва бошқаларга ўрнак бўлаётган давлат сифатида эътироф этган.

«Ўзбекистон Президенти томонидан туризм сегментига, хусусан, зиёрат туризмига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Ўзбекистон жаҳон мусулмон туризми бозорида муҳим ўринни эгаллади. Ривожланаётган ёш сайёҳлик йўналиши билан Ўзбекистон ҳам сайёҳларга, ҳам таҳсил олмоқчи бўлганларга кўплаб имкониятлар ва қизиқарли лаҳзаларни тақдим эта олади», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Маълумот ўрнида, ушбу саммит дунёнинг турли бурчакларидан туризм соҳасида тажрибага эга 70 дан ортиқ соҳа мутахассисларини ўзида жам қилган. Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та ресторан (тезкор овқатланиш тармоқлари) ва 4 та меҳмонхона «Ҳалол» рейтинги ва сертификатига эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм раҳбарлари учрашганди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Исроил туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзолаганди.

Bugun — LIVE