Жамият - 16:51 · 03.06.2022

Ўзбекистон Конституциясида ўлим жазосини тиклаш таклиф этилди

Қонунчилик палатасида 3 июнь куни ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича келиб тушаётган таклифлар муҳокама этилди. Хусусан, унда ўлим жазосини тиклаш борасидаги таклиф ҳам кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Конституциявий комиссияга 3 июнга қадар 8500 дан ортиқ таклиф келиб тушган. Улар орасида ўлим жазосини қайта тиклаш таклифи ҳам бўлган. Бунга комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ўз муносабатини билдирди.

«Таклифлар орасида ўлим жазосини тиклаш ҳақидагиси ҳам бор. Буни Ўзбекистон 2005 йилда бекор қилишни бошлаган, аввал 33 та моддаси бор эди, 2008 йилга келиб батамом ўлим жазосини бекор қилдик. Ўзбекистон ўлим жазосини нафақат тинч вақтдаги жиноятлар, балки ҳарбий уруш пайтида ҳам бекор қилган. Бу чет элда ҳар хил, ҳозир ҳам ҳарбий вақтдаги жиноятлар учун ўлим жазосини сақлаб қолаётган давлатлар кўп. Халқаро ҳуқуқ, хусусан, 1949 йил Женева конвенциялари ўлим жазосини қўллашга рухсат берган.

Биз инсонпарварлик нуқтаи назаридан бекор қилганмиз. Давлат ўзи бермаган нарсасини олиб қўйишга ҳаққи йўқ. Инсоннинг туғилиши — Аллоҳнинг инъоми, ота-онасининг ҳаракати. Давлат унга умр бермаганми, уни тортиб олиши ҳам керак эмас. Ўйлайманки, биз ҳозирги йўлимиздан қайтишимиз керакмас. Менинг фикримча, 24-моддага келганда «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади» деган жумлани қўшиш керак. Ўйлашимча, ўлим жазосини тиклаш таклифини олиш мураккаб бўлса керак», — деди Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш учун қандай таклифлар келиб тушаётгани айтилганди.

Bugun — LIVE