Жамият - 19:12 · 03.06.2022

Ўзбекистонда мактабни битирган барча йигитларга ҳарбий мажбуриятни ўташ таклиф этилди

Қонунчилик палатасида 3 июнь куни ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида «Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров мактабларни тамомлаган барча йигитлар учун ҳарбий хизматни ўташ мажбурий этиб белгиланиши кераклигини таклиф этди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Sputnik»

Қайд этилишича, партия электорати ўтказган йиғилишда аниқ моддаларга ўзгартириш киритиш бўйича бир қатор таклифлар берилган.

«Электоратимиз 52-моддага жуда кўп эътибор қаратди. Бугун ҳарбий мажбуриятнинг муқобил тури ҳам пайдо бўлган. Бу фаолият қайсидир маънода ватанпарварларимизни тарбия қилишдаги ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатмоқда.

Шундай таклиф бўляптики, 52-моддада ҳарбий мажбуриятни мактабни тугатгандан кейин йигитларнинг барчасига бир йиллик ёки 6 ойлик ҳарбий мажбурият сифатида Конституцияга киритиб қўйилса, Ўзбекистонда ватанпарвар йигитларнинг пайдо бўлишида жуда катта аҳамият касб этади», — деди фракция раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Конституциясида ўлим жазосини тиклаш таклиф этилганди. Шунингдек, бош қомусга экологияни муҳофаза қилиш бўйича ўзгартириш киритилиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE