Жамият - 10:29 · 03.06.2022

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж сафари тўлови оширилди

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар 3-7 май кунлари «Ҳаж-2022» тадбирини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистонига борди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Қайд этилишича, сафар давомида ишчи гуруҳ аъзолари Ҳаж мавсумида Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган меҳмонхоналарни кўздан кечирган. Шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, у ерлардаги шароитлар билан танишган.

Коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошган. Шунингдек, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Ўзгаришлар натижасида дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилгани маълум бўлди.

Шуларни инобатга олиб, «Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори, Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан, 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгиланди. Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг 2022 йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этиб, зиёрат нархи 33,5 миллион сўмга етганди.

Bugun — LIVE