Жамият, Сиёсат - 18:39 · 03.06.2022

Ўзбекистонни парламентар республикага айлантириш таклиф этилди

Қонунчилик палатасида 3 июнь куни ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича келиб тушаётган таклифлар муҳокама этилди. Хусусан, Ўзбекистонни парламентар республикага айлантириш ҳам таклиф этилгани айтилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов шу пайтга қадар Конституцияни ўзгартириш бўйича келиб тушган такфлифлар орасида Ўзбекистонни парламентар республикага айлантириш таклифи бўлганини, бироқ қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ таклифлар йўқлигини таъкидлади.

«Биласиз, давлат бошқарувининг президентлик бошқаруви (АҚШ), парламентар республика (Германия) ва ярим президентлик (Франция) каби турлари бор. Парламентар ресублика бўлиши кераклигини айтишяпти, лекин қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ таклифлари йўқ.

Мисол учун, Германия — парламентар республика, президенти бор, лекин асосий лавозим бу — канцлер. Ёки Италияда ҳам президент бор, лекин асосий лавозим — бош вазир. Менимча, ҳозирги кунда дунёда давлат бошлиғининг ўзи парламент ролини кучайтирган давлат йўқ.

Кўп давлат бошлиқлари парламентни ушлаб туради, унинг ҳуқуқи камроқ бўлиши тарафдори. Бизда эса сўнгги 5 йилда анчайин кенгайтирдик. Менимча, парламент республикага ўтиш учун ҳали бизга эрта ва керак бўлмаса ҳам керак», — деди Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Конституциясида ўлим жазосини тиклаш таклиф этилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE