Жамият - 14:00 · 03.06.2022

Қўқон шаҳрида «101 рейс» фильми премьера қилинди — фото

Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган маданий ва маърифий тадбирлар доирасида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлик» киностудияси томонидан суратга олинган режиссёр Акром Шаҳназаровнинг «101 рейс» фильми премьера қилинди.

Премьерадан аввал, тадбирга ташриф буюрган барча киноижодкорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов, Кинематография агентлиги Бош директорининг Ахборот сиёсати масалалари маслаҳатчиси Барно Ўнгбоева сўзга чиқиб, вилоятда ўтказилаётган барча тадбирлар, шунингдек, катта премьералар ҳақида сўзлашди.

Қўқон шаҳрида «101 рейс» фильми премьера қилинди

«Мана бир неча кундан бери Фарғона вилоятимизда маданий ва маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтмоқда. Айниқса, киноижодкорлар учрашувлари, миллий фильмлар намойишлари илиқ кутиб олиняпти. Мана бугунги ‘101 рейс’ кинофильми ҳам Қўқон шаҳримизда илк бор премьера қилинмоқда. Маҳаллабий тизимида ҳам энг сара фильмларнинг намойишлари ўтказиляпти. Бундан бағоятда мамнунмиз», — деди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов.

«’101 рейc’ фильми илк бор Қашқадарёда, куни кеча Тошкентда ва мана 2 июнь куни Қўқон шаҳрида катта премьера қилинди. Мухлислар кинофильмни катта олқишлар билан кутиб олди. Кинокартинани мана шундай кўзлари ёниб, қалби интиқ бўлиб кутиб турган халқ учун премьералари ўтказилаётгани мени жудаям қувонтирди. Мана шундай тадбирлар кўпаяверсин», — дея изоҳлади кинокартина постановкачи режиссёри Акром Шаҳназаров.

Кинокартина режиссёри Акром Шаҳназаров cўзга чиқиб, «101 рейс» фильмининг суратга олиш жараёни, марҳум Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновнинг ёрқин хотираси, шунингдек, ижодий жамоа ҳақида алоҳида таъкидлади.

Фильм сценарийси муаллифи ва режиссёри Акром Шахназаров, постановкачи оператор Дилмурод Турдибоев, рассом Алишер Тўлабоев, либослар бўйича рассом Шаҳноза Абдуллажонова. Ролларда Ҳошим Арслонов, Умид Искандаров, Олег Галахов, Лола Элтоева, Эркин Бозоров, Хуршид Тўхтаев, Раъно Шомирзаева ва бошқалар.

Маълумот учун, кинофильмнинг катта премьераси 1 июнь куни пойтахтдаги Киночилар уйида бўлиб ўтди.

Bugun — LIVE