Сиёсат - 23:21 · 03.06.2022

Сенат раиси ЕХҲТнинг амалдаги раиси билан келажакдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева 3 июнь куни Европа хавсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси, Польша  ташқи ишлар вазири Збигнев Рау бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Учрашув давомида Сенат Раиси Т.Нарбаева меҳмонларни ташриф билан қутлаб, мамлакатда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқалари ва парламентлараро ҳамкорлик борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Жумладан, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги узоқ йиллик дўстона муносабатлар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий-маданий ва парламентлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлик масалаларига, ташкилот лойиҳаларини мамлакатимизда амалга ошириш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилган.

Мулоқот давомида истиқболдаги режалар ва лойиҳалар ҳам муҳокама қилиниб, ҳамкорлик алоқаларини келгусида янада мустаҳкамлашга келишиб олинган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида 6 июль, сешанба куни Сенат раиси Танзила Норбоева Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир билан учрашганди. Шунингдек, Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ бош котиби билан учрашгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE