Жаҳон - 9:02 · 04.06.2022

Маймунчечак тарқалган давлатда йиртқич ҳайвон гўштини сотиш тақиқланди

Нигерия ҳукумати маймунчечак тарқалишини тўхтатиш учун эҳтиёт чораси сифатида йиртқич ҳайвонлар гўштини сотишни тақиқлади. Бу ҳақда «Africanews» хабар берди.

Фото: «GTBlog — GTBank»

Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Абубакар мамлакатдаги овчилар ва гўшт савдогарларига бу фаолиятни тўхтатишни буюрган. У нигерияликларни маймунчечак билан касалланиши мумкин бўлган одамлар билан алоқа қилмасликка чақирган.

«Овчилар ва йиртқич ҳайвон гўштини сотувчилар Нигерияда патоген тарқалишининг ҳар қандай эҳтимолини олдини олиш учун ушбу амалиётни дарҳол тўхтатиши керак», дейилади баёнотда.

Абубакар, шунингдек, вазирлик Нигерия Касалликларни назорат қилиш маркази ва шу каби ташкилотлар билан вазиятни ушлаб туриш ҳамда назорат қилиши учун ишлаётганини айтган. Қишлоқ хўжалиги департаменти, шунингдек, ветеринария шифокорлари ва бошқа ходимларга ҳайвонларда маймунчечакнинг мумкин бўлган ҳолатларини излаш учун назоратни кучайтиришни буюрган.

Ҳайвонот, истироҳат боғлари, қўриқхоналар ва дам олиш масканлари операторларига ҳайвонлар ҳамда одамлар ўртасида алоқа ўрнатилмасликни кузатиш тайинланган. Нигерия ва Африканинг аксарият минтақаларида йиртқич ҳайвон гўшти «деликатес» ҳисобланади. Мамлакатда кўплаб гўшт бозорлари мавжуд ва тақиқ қандай амалга оширилиши ҳали аниқ эмас.

Аввалроқ олимлар коронавирус тарқалишидан олдин Ухан бозорларида кўршапалак сотилмаганини аниқлаганди. Шунингдек, ковид илонлардан тарқалган бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.

Bugun — LIVE