Жамият, Иқтисод, Тошкент ш. - 13:15 · 04.06.2022

Ортиқхўжаевдан ёшларга маслаҳат: «Нақд пулда ишланглар. Пластик карточка зарар»

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3 июнь куни Ҳумо аренада бўлиб ўтган Megatrening 2022 бизнес форумида ёшларга нақд пул ишлатиши кераклигини маслаҳат бериб, бунинг сабабини тушунтирди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳокимнинг сўзларига кўра, даромад расмий ва нақд пулда бўлиши керак. Пластик карточкалар эса жаҳон банк секторлари вакиллари томонидан ўйлаб топилган бўлиб, пули кўпайган, уни кўтара олмайдиган одамлар учун мўлжалланган.

«Бирор дўконга кирсангиз, қўлингизда пластик карточка бўлса, қанча пул ишлатаётганингизни билмайсиз. Лекин нақд пул бераётганда биласиз, пул жигардан бўлган. Ёшлар, илтимос, нақд пул билан муомала қилинглар. Ёшларга пластик карточка билан ишлаш зарар. Ҳамма вақт нақд бўлсин. Пул бераётганингларда пулингизни санайсиз. Пул санаётганингларда чиқиши қийин бўлади.

Пластик карточка ичига қанча пул солсангиз, шунча кетаверади. Ёшларга пластик карточкани тавсия қилмайман», — деган у.

Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилиши хабар қилинганди. Шунингдек, ҳокимнинг жамоатчиликка қаратилган очиқ хати эълон қилинган.

Bugun — LIVE