Жамият - 13:49 · 04.06.2022

Плагиатми ёки йўқ: Адлия вазирлиги сўм рамзи ўғирлангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг рамзи Франция «IN-CORE systems» компаниясининг логотипидан ўғирлаб олингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Коллаж: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, Франция «IN-CORE systems» компаниясининг белгисига ўхшаш бўлган белгилар дунёнинг бир қатор давлатларида (АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Ҳиндистон) ҳам фойдаланиб келинади.

«Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк объекти маълум бир давлат ҳудудида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади. Шу жумладан, товар белгиси ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади.

Франция ‘IN-CORE systems’ компаниясининг белгиси Ўзбекистон Республикасида товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмаган ва муҳофаза қилинмаган. Ушбу ҳолатни муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи яратиш факти бўйича юзага келади ва унинг юзага келиши ҳамда амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ‘Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида’ги қонунининг 8-моддасига мувофиқ расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди. Юқоридагиларга асосан ушбу ҳолатларда интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган», дея хулоса берилган вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, мазкур белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинмаган. Агар ушбу белгини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинса, ҳолат экспертлар томонидан тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда хулоса берилади.

Аввалроқ Марказий банк миллий валюта — сўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижаларини эълон қилганди.

Bugun — LIVE