Жаҳон - 23:30 · 04.06.2022

Санкциялар учун 12 минг кишилик рўйхат, Зеленскийнинг 100 кунлик уруш ҳақидаги мурожаати ва озиқ-овқат инқирози ҳақида гапирган Путин

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 4 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «ТАСС»

Россия президенти Владимир Путин дунёдаги озиқ-овқат, иқтисодий ва энергетика инқирози ҳақида гапирди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Президент озиқ-овқат бозоридаги ноқулай вазиятни ривожлантириш АҚШ иқтисодий органларининг хатоси бўлгани ва буни муносиб одамлар тан олганини айтган. У 2020 йил февралидан 2021 йил охиригача АҚШда пул массаси 5,9 триллионга ўсгани ва бу босмахона юки билан боғлиқлигини қайд этган.

«Пул массаси жами 38,6 фоизга ўсди. Кўринишидан, АҚШ молия органлари доллар жаҳон валютаси эканидан келиб чиққан ва у аввалгидек бутун дунё иқтисодиётига тарқалиб кетади, бу АҚШда сезилмайди, деб ўйлаган. Маълум бўлдики, бундай эмас.

Тартибли одамлар, жумладан, яқинда молия вазири хатога йўл қўйганини айтди. Шундай экан, айб АҚШнинг молиявий ва иқтисодий органларида, бунда Россиянинг Украинадаги ҳаракатига ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деган Путин.

У Россия Украина портларидан дон олиб чиқишга рухсат бермаётгани ҳақида тарқалган хабарларга ойдинлик киритган. Маҳсулотни олиб чиқишнинг бир нечта йўллари борлигини айтган.

«Биринчи йўл, донни Украина назорати остидаги портлар, Қора денгиз ҳавзаси — Одесса ва унга яқин портлар орқали олиб чиқиш. Портга киришни биз эмас, Украина миналаган. Мен ҳамкасбларимга кўп бор айтдим: миналарни тозаласинлар, дон ортилган кемалар портларни тарк этсин, биз уларнинг халқаро сувларга ҳеч қандай муаммосиз тинч ўтишини кафолатлаймиз.

Яна бир йўл бу Азов денгизи портлари — Бердянск ҳисобланади, Мариуполь — Россия назорати остида. Биз бу портлар орқали Украина ғалласини муаммосиз олиб чиқишни таъминлашга тайёрмиз. Миналардан тозалаш бўйича ишларни якунламоқдамиз, зарур логистикани яратамиз», — дейди у.

Путиннинг сўзларига кўра, яна бир вариант бор. Украинадан донни Дунай ва Руминия, Венгрия ёки Польша орқали олиб чиқиш мумкин.

«Ниҳоят, энг оддий йўли — Беларусь ҳудуди орқали олиб ўтиш. Энг осон ва арзон, чунки у ердан дарҳол Болтиқбўйи давлатлари портларига, Болтиқ денгизига ва ундан кейин дунёнинг исталган нуқтасига етказиш мумкин. Лекин бунинг учун Беларусдан санкцияларни олиб ташлаш керак», — дейди президент.

Путиннинг таъкидлашича, Россия тинч ўтишни таъминлайди, назорат остидаги портларга яқинлашиш хавфсизлигини кафолатлайди, хорижий кемаларнинг Азов ва Қора денгизлар бўйлаб исталган йўналишда ҳаракатланишига йўл очади.

«Айтганча, бугунги кунда Украина портларида жуда кўп хорижий кемалар тўхтаб қолган. Улар шунчаки у ерда қамаб қўйилган, айтмоқчиманки, экипажлар ҳамон гаровда қолмоқда», — дейди Путин.

Бундан ташқари, у Украина донининг жаҳон ишлаб чиқаришидаги улуши қандай эканини тушунтириб берган.

«Дунёда йилига 800 миллион тоннага яқин ғалла ва буғдой етиштирилади. Ҳозир бизга Украина 20 миллион тонна экспорт қилишга тайёрлигини айтишмоқда. Дунё бўйича бу 2,5 фоизни ташкил этади. Аммо ҳақиқатдан келиб чиқадиган бўлсак, БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги умумий озиқ-овқат ҳажмида буғдой бор-йўғи 20 фоизни ташкил этади, яъни 20 миллион тонна Украина буғдойи 0,5 фоизга тенг», — дейди Россия президенти.

У 2022–2023 йилларда Россия буғдой экспортини 50 миллион тоннага етказишини айтиб ўтган. Глобал ўғитлар билан боғлиқ вазият санкциялар туфайли оғирлашиши, озиқ-овқат нархи ҳам ошишини таъкидлаган.

«Вазият ёмонлашади, чунки америкаликлар, инглизлар бизнинг ўғитларимизга санкциялар қўйишди. Кейин нима бўлаётганини тушуниб, америкаликлар санкцияларни бекор қилди, аммо европаликлар бундай қилмади. Улар мен билан алоқада ‘ўйлаб кўриш керак, масалага ечим топиш керак’лигини айтади, бироқ бу ҳозирги вазиятни янада оғирлаштирди. Бу жаҳон ўғит бозоридаги вазиятни ёмонлаштиради, яъни ҳосил кам, нархлар эса юқори бўлиб, кўтарилади. Бу мутлақо узоқни кўра олмаслик, менимча, боши берк кўчага олиб келадиган аҳмоқона сиёсат», — дея қўшимча қилган Путин.

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская мамлакат армияси Украинага ҳужум қилиш буйруғини олганини, аммо олий ҳарбий қўмондонлик бу жараённи секинлаштирганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий қўмондонлик Украинага ҳужум қилиш буйруғини олган. Бироқ офицерлар армиянинг руҳий тушкунликка тушганини аниқ тушуниб, урушда руслар билан қўшилишни истамаган.

«Режим томонидан шундай буйруқ берилди. Аммо юқори офицерлар аскарлар руҳий тушкунликка тушгани, уларнинг ҳужум қилиш ва русларга қўшилиш истаги йўқлигини тушунарди», — дейди Тихановская.

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг Житомир, Киев ва Чернигов вилоятлари билан чегарадош Беларуснинг Гомель вилоятида 22 июндан 1 июлга қадар режалаштирилган сафарбарлик машқлари ўтказилади. 28 июндан 16 июлга қадар Жлобин вилоятида ҳудудий қўшинларнинг ҳарбий машғулотлари ўтказилади. Тадбир доирасида ҳудудий объектни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, қўпорувчилик ва разведка гуруҳларига қарши кураш амалиёти олиб борилади.

Украина делегацияси раҳбари, Олий Рада депутати Давид Арахамия Москва билан музокара Ғарбдан қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш орқали амалга ошиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Украинская Правда» хабар берди.

Арахамияга кўра, Ғарб давлатларининг «етарли ҳажмда» етказиши керак бўлган қурол-яроғи Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаши мумкин.

«Бизнинг қуролли кучларимиз ундан фойдаланишга тайёр. Шундан кейин, менимча, кучайтирилган позициядан туриб музокараларнинг янги босқичини бошлашимиз мумкин», — деган Украина делегацияси раҳбари. У Россия кучлари ҳозирда аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатишда давом этаётганини таъкидлаган.

«Биз бир қадам олдинга, икки қадам орқага кетаётган бўлсак-да, музокараларни давом эттиришни бошлаш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», — деган Араҳамия.

Украина санкциялар жорий этиш учун 12 мингдан ортиқ россияликлар рўйхатини тайёрлади. Бу ҳақда Медуза хабар берди.

Маълум бўлишича, Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Олег Николенко рўйхатга кимлар киритилганини маълум қилган.

«Украина томони 12 мингдан ортиқ россиялик олигархлар, амалдорлар, тарғиботчилар, ҳарбий жиноятчиларни ўз ичига олган санкциялар рўйхатини тайёрлади», — деган у.

Николенконинг сўзларига кўра, Украина ва ҳамкорлар Россиянинг Украинага бўлган агрессиясида иштирок этган барча шахсларга нисбатан шахсий санкцияларни қўллашга устувор аҳамият берувчи механизм устида ишламоқда.

Зеленский урушнинг 100-кунида дунё ҳамжамиятига мурожаат йўллади. Мурожаат президентнинг YouTube саҳифасида эълон қилинди.

«Юз кун олдин, биз ҳаммамиз бошқача ҳақиқатда уйғондик. Бундан роппа-роса юз кун олдин бошқача бўлиб уйғондик. Украиналикларни қуёш нурлари эмас, балки бизнинг уйларимизга тушган ракеталар портлаши овози уйғотганида, биз бутунлай бошқа украиналикларга айланамиз.

2014 йилда Россия бизга бир сўз билан, янги сўз билан кириб келди. Бу сўз уруш. 24 февралда Россия бу сўзга яна бир сўз қўшиб, «тўлиқ уруш» иборасини яратди.

Ва юз кун давомида биз бошқа сўзларни топдик ёки олдик, кўрдик ёки ўчиришни хоҳладик. Улар бир нечта. Улар бошқача. Аммо улар биз бошдан кечирган нарсаларни акс эттиради», — деган Украина раҳбари.

Bugun — LIVE