Жамият, Тошкент ш. - 10:00 · 04.06.2022

«Тошкент» аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар «Uzbekistan Airports» балансига ўтказилади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарори билан «Тошкент-2» халқаро терминали ва ички қатновлар учун мўлжалланган «Тошкент-3» терминалининг автотураргоҳлари, шунингдек, пойтахт аэропорти ҳудудига туташ жойлардаги автотураргоҳлар «Uzbekistan Airports» балансига ўтказилади.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур ҳудудларни компания ихтиёрига ўтказиш давлат раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги «Фуқаролик авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

«Ушбу ҳудудларнинг ўтказилиши автотураргоҳларни автоматлаштириш, аэровокзал олдидаги ҳудудларни қайтадан қулай лойиҳалаштириш, йўловчиларни кутиб олувчилар ва кузатувчилар учун кўпроқ қулайликлар яратиш ҳамда ўз ечимини кутаётган такси хизмати билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Автотураргоҳларда тўхташ жойи учун тўловни инсон омилисиз амалга ошириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, компания автотураргоҳларнинг жойлашуви ва улардан фойдаланиш давомийлигини (соат, сутка) ҳисобга олган ҳолда мослашувчан тариф тизимини ишлаб чиқмоқда», — деди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Кейинчалик Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан автотураргоҳларни баҳолаш ва акциядорлик жамиятининг давлат улушини ошириш бўйича тегишли буйруқ қабул қилинади. Шундан сўнг тегишли тартибда ягона акциядор — Молия вазирлиги томонидан давлат компаниянинг улушини ошириш ва автотураргоҳлар қийматини устав капиталига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Аввалроқ «Uzbekistan Airports» хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтириши хабар қилинганди.

Bugun — LIVE