Жамият, Тошкент ш. - 9:33 · 04.06.2022

Тошкентда «Nexia-3» автобусга урилиши оқибатида ҳайдовчи вафот этди

Тошкент шаҳрида 3 июнь куни «Nexia-3» ва MAN русумли автобус тўқнашиши оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, соат 16:27 да «Nexia-3» ҳайдовчиси У.О. автомобилни Кичик ҳалқа йўли кўчаси бўйлаб Бунёдкор шоҳ кўчаси томонга бошқариб бораётган бўлган. У белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасдан, олдинда ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситаси билан оралиқ масофа сақламагани ҳамда катта тезликда ҳаракатлангани сабабли олдидаги пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаган «7-Автобус саройи» филиалига бириктирилган MAN русумли автобус орқасига келиб урилган. Оқибатда «Nexia-3» ҳайдовчиси Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида вафот этган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси бўйича Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бўлими томонидан хизмат суриштируви ўтказилади.

Аввалроқ Тошкентда бошқаруви йўқотилган «Spark» бетон устунга урилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Фарғонада юк машинаси ағдарилиб кетиб, йўл четидаги 3 та машинага бориб урилган.

Bugun — LIVE