Андижон, Жамият - 23:52 · 05.06.2022

Андижонда калтакланган сувчи қарзни ундиришга маст ҳолда боргани маълум бўлди

Андижон вилояти Избоскан туманида 23 май куни сув таъминоти идораси ходими қарздор истеъмолчилар томонидан калтаклангани хабар берилганди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати сувчининг қарзни ундиришга маст ҳолда борганини маълум қилди.

Кадр: Telegram / @uzsuvandijon

Таъкидланишича, 2022 йил 12 апрель куни жабрланувчи А.С.га нисбатан қўшниси Избоскан тумани Тошлоқ МФЙ Адолат-1 кўчасида яшовчи М.Н.Б (аёл киши)ни ҳақорат қилгани юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича ҳужжатлар расмийлаштириб, белгиланган муддатда суд муҳокамасига тақдим этилган, ҳолат юзасидан 17 май куни Андижон туман Суди томонидан А.С.га нисбатан БХМнинг ярим баробари 135 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шундан сўнг А.С. 23 май куни яна ушбу қўшниси Н.М. хонадонига соат тахминан 19:30 да бориб (А.С. ҳолат юзасидан берган кўрсатмасида Н.М.нинг хонадонига маст ҳолатда борганини баён этган), истеъмолчи томонидан фойдаланган тоза ичимлик сувидан 625 минг сўмлик қарздорлиги бўйича талабномани бериб, унинг аёллик шахсиятини камситган. Улар жанжаллашиб турган вақтда уларни ажратиш учун келган Н.М.нинг ўғли М.М. онасига нисбатан А.С. томонидан қилинган муомаласига чидолмасдан, унинг юз қисмига мушти билан бир маротаба уриб тан жарохати етказган. Ҳолат ушбу куни Избоскан тумани ИИБнинг Шакл-1 китобидан 1011-рақами билан рўйхатдан ўтказилган.

«Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда суд тиббий экспертизасининг хулосасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) билан суд муҳокамасига тақдим қилиш чораси кўрилмоқда. Тез орада муҳокаманинг якуний натижасини ҳам эълон қиламиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 11 апрель куни Йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчи томонидан калтакланганди.

Bugun — LIVE