Жаҳон - 17:02 · 05.06.2022

Эрдўғон 2023 йилги сайловларда президентликка номзод сифатида кўрсатилди

Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғонни 2023 йилги сайловда президентликка номзод сифатида кўрсатди. Бу ҳақда партия матбуот котиби Омер Челикка таяниб, «Gurses Gazetesi» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Омер Челик партия қурултойидан кейин уюштирилган матбуот анжуманида «Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2023 йилда бўладиган сайловларда номзод бўлади», — дея маълум қилган.

Қайд этилишича, мухолифат партиялари ҳозирча ўз номзодларини эълон қилмаган.

Маълумот ўрнида, Эрдўғон 2014 йилнинг 10 августида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган, 2018 йилда эса муддатидан олдин ўтказилган сайловларда қайта сайланган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк аёллари 2002 йилда у бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси ҳокимиятга келганидан кейингина ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлганини айтганди. Шунингдек, давлат раҳбари ўзини дунё етакчилари ичидаги энг тажрибали эканини маълум қилганди. 

Bugun — LIVE