Жамият - 21:00 · 05.06.2022

Ҳафталик дайжест. Нархи ошган ун ва «буханка», танқидларга учраган сўм рамзи ва Ортиқхўжаевнинг маслаҳати

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ун нархининг кўтарилиши: 1,7 млн тонна буғдой давлат ресурси сифатида, 266,5 минг тонна буғдой уруғлик учун харид қилинади. Ҳозирда Ўзбекистонда 50 минг тонна ун захираси бор.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ушбу ҳафтанинг бошида, 30 май куни Қишлоқ хўжалиги ва Молия вазирликлари мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган «Bugun.uz» мухбири бир нечта янгиликларни бизга етказди. Уларни кетма-кет қуйида келтирамиз.

Молия вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда бозорда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, аммо бу вақтинчалик ҳолат. У мамлакатда ун нархининг сезиларли даражада кўтарилишига Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошгани (у ерда буларнинг экспортига чеклов ўрнатилган) ва Россия–Украина зиддиятини сабаб қилиб кўрсатган.

«Бозорда, асосан, импорт қилинган ун нархлари ошмоқда. Бунга Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошиши сабаб бўляпти. Биз эркинлаштириш жараёнига ўтадиган бўлсак, 1 июндан биржа савдоларига қўйиладиган бўлса, бугунги кунгача ун маълум миқдорда тақсимот тартибида белгиланган бўлса, бозорга етарли миқдордаги ун маҳсулотини чиқарамиз. Бунга қўшимча равишда ун захиралари ҳам яратилган [у захиралар етарлилигини айтиб, нархи кўтарилишига ваҳима қилишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган].

Ҳозирги кунда 1 ойда ички бозорда 130 минг тонна атрофида ун савдога чиқарилаётган бўлса, биз яна қўшимча 50 минг тонна ун захирасини яратиб қўйдик», — деди Тўлқин Мирзаев.

Вакилнинг маълум қилишича, Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлардан кейин нархлар кўтарилган ва энди у тушиши кутилмоқда.

«Нархнинг ошиши Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар натижасида дунёда юзага келган сиёсий тангликнинг таъсиридир ва бу — вақтинчалик ҳолат. Ҳар бир маҳсулотнинг ўз қиймати бўлади, ўша қийматдан ўтгандан кейин истеъмолчи унинг ўрнига бошқа маҳсулотга ўтишни бошлайди. Ҳозирги кунда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, десак бўлади. Бироқ бу — вақтинчалик ҳолат. Шунинг учун нархларнинг ортга қайтишини кутяпмиз», — деди вазирлик вакили.

Бундан ташқари, Президент қарори билан 1 миллион 783,5 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тонна буғдой уруғлик учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади. 500 минг тонна буғдой эса фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади.

Буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой 2022 йилнинг июль–август ойларида биржа савдолари орқали сотилади.

Молия вазирлиги «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналарга биржадан буғдой сотиб олиш учун револьвер кредитларни молиялаштириш мақсадида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 800 миллиард сўмгача тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс жойлаштирилишини таъминлайди.

Муҳим янгилик: 1 июлдан бошлаб электр ва газ нархлари табақалаштирилади. Содда қилиб айтганда, бир ойлик лимит берилади, ўша лимит бўйича арзонроқ нархда тўлайсиз, ундан ошиғи (2–3 баравар) қимматроқ нархда ҳисобланади.

Фото: «Вести-UA»

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб,

Электр энергияси бўйича:

  • аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун — 650 сўм;

Табиий газ бўйича:

  • аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм;

Юқоридаги нархлар аҳоли учун, яъни жисмоний шахслар учун белгиланган. Юридик шахслар, бюджет ташкилотлари, комбинатлар ва автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун алоҳида нархлар белгиланган, улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Янги нархлар эълон қилингач, бухгалтер Қаҳрамон Асланов ўз Twitter саҳифасида ўринли саволни қолдирди: «Газ йўқ жойларда нима қилади? Электр кўп кетади-ку уларда?» Саволни сал ўзгартирса ҳам бўлади: Газ йўқ жойдачи?

«Пединст», Миллий ва ТДТУ — 2021 йилда энг кўп даромад кўрган ОТМлар.

Фото: Тошкент давлат педагогика университети

Ўзбекистонда 2021 йил давомида энг кўп даромад кўрган Олий таълим муассасаларининг рўйхати эълон қилинди. Натижаларга кўра, республика кесимида энг кўп даромадлар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (қарийб 400 миллиард сўм, соф даромад — 259 миллиард сўм), Наманган давлат университети (320 миллиард сўм, соф даромад — 78,6 миллиард сўм) ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан (315 миллиард сўм, соф даромад — 22,1 миллиард сўм) шакллантирилган.

Бундан ташқари, «Нархоз» ҳамда жаҳон тиллари университети, мос равишда, 237 миллиард сўм ва 210 миллиард сўм даромад билан пойтахтдаги энг кўп пул топган ОТМлар рўйхатидан жой олган. Умумий рўйхатнинг 4 ва 5-ўринларида Урганч Давлат университети (қарийб 309 миллиард сўм) ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети (286 миллиард сўмдан зиёдроқ) жой олган.

Маълумот учун, юқорида келтирилган рақамлар соф даромад эмас, қуйидаги скриншотда университетларнинг харажатлари ҳам келтирилган. ОТМларнинг тўлиқ ҳисоботи билан бу ерда танишишингиз мумкин.

«Сўкма, мен оширганим йўқ»: Тошкентда «буханка» нон нархи кескин ошди. Энди у 2800 сўмдан сотилмоқда.

Кадр: Telegram

Тошкент шаҳри ва бошқа бир қатор вилоятлардаги дўконларда «буханка» нон нархи 2800 сўм бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тармоқларда нархнинг ошишини тушунтиролмаган сотувчининг қизиқарли сурати ҳам тарқалди, унда «сўкма, мен оширганим йўқ», деб ёзилган.

Ушбу хабарлар тарқалишни бошлагандан сўнг Аксилмонополия қўмитаси қолипли нон нархи бўйича тезкор ўрганишлар ўтказган. Унинг натижасига кўра, қолипли нон нархи Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўм экани аниқланган (аввалроқ Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин Мирзаев буғдойнинг нархи 3000 сўмдан ошмаса, ‘буханкаʼнинг нархи 2800 сўмдан ошмаслигини айтганди).

Бизга шерик «Kommers.uz»нинг қўмитага таяниб қайд этишича, июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.

Қўмита нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан «ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликни» сўраган. Маълумот учун, антимонополия қўмитаси назарда тутаётган «асосланманган маълумотлар» «буханка» ва уннинг тақчиллиги юзага келиши ҳақидаги хабарлар.

Ўзбекистонда шакар нархи нега ошган? Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (узундан-узун) тушунтириш берди. Қисқача мазмунини қуйида ўқишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ошган шакар нархи, бунинг сабаблари, қўшнилардаги вазият ва нархларнинг кўтарилиб кетмаслиги учун қилинаётган ишлар бўйича «Bugun.uz»га маълумот берди. Унинг қисқача мазмунини қуйида ўқишингиз мумкин.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9500–13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, айрим савдо нуқталарида 14 000 сўмгача кўтарилган.

Вазирликнинг қайд этишича, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга ўсиши билан бирга, ушбу маҳсулот тақчиллиги ва хатарлар юзага келаётгани кузатилмоқда (шу омил ҳам Ўзбекистонда шакар нархи ошишига маълум даражада таъсир ўтказган). Аммо, вазирликка кўра, Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.

Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, Лондон биржасида шакарнинг нархи 15 фоизга (500 доллардан 575 долларгача), унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.

Анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда алтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимларининг пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистон томонидан (Ўзбекистонга энг кўп озиқ-овқат айнан Қозоғистон (430,3 миллион доллар) ва Россиядан (284 миллион доллар) импорт қилинади) шакар экпортига қўйилган вақтинчалик тақиқ ҳам Ўзбекистондаги шакарнинг нархи кўтарилишига таъсир ўтказган.

Шакар нархининг кўтарилиб кетишини олдини олиш (аслида, кўтарилиб бўлди, энди яна давом этмаслиги) учун Ўзбекистонда қатор чоралар кўрилаётгани маълум қилинган. Хусусан,

  • шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми 2022 йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Хусусан, биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2000 тоннадан 3000 тоннагача оширилади;
  • 2022 йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади.

Шакарни қўйиб туринг, «буханка» нон нархи қимматлади. Бунга қандай муносабатдасиз?

Ўзбекистонда қатор озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига вақтинчалик тақиқ қўйилди. Улар ички бозорда етарли бўлган тақдирдагина тақиқ олинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг тегишли фармони билан 1 июндан бошлаб қатор маҳсулотларнинг экспортига тақиқ қўйилди. Фармон қуйидаги маҳсулотларни олиб чиқишни тақиқлашни назарда тутади:

  • ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи, бундан амалдаги контрактлар (шартномалар) доирасида 2022 йил 1 июнга қадар олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар, шунингдек, Ўзбекистон «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишланганлари мустасно;
  • кунгабоқар уруғлари (ТИФ TH коди 1206 00) ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари (ТИФ TH коди 1207), бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно.

Ушбу маҳсулотларнинг экспорти ички бозорда етарли ҳажми мавжуд бўлган тақдирдагина Вазирлар Маҳкамаси томонидан тикланади.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга кўра, савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда (энг кўп қулайлик берилган давлатлар рўйхати) ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди. 2022 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар бир қатор товарларни (илова) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланади.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.

Ўзбекистонда ерусти метро йўналишлари остидаги ер майдонлари E–Auksion орқали 5 йил муддатга ижарага берилади. У ердан 4 мақсадда фойдаланиш мумкин бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент метрополитенининг «Дўстлик»–«Қўйлиқ» ерусти метро йўналиши 1–5 бекатлари оралиғидаги ер майдонларида қуйидагиларни ташкил этиш учун ижарага берилади:

  • пиёдалар ва велосипед йўлаклари;
  • автотураргоҳлар;
  • аҳоли сайр қилиши учун сайилгоҳлар;
  • болалар ва спорт майдончалари.

Ерусти метроси остидаги ер майдонлари (ҳозирда уларнинг баъзи жойлари симлар билан ўралган, баъзилари эса очиқ) ҳатловдан ўтказилиб, метро ҳаракатига ҳалал бермайдиган қисми Тошкент шаҳри ҳокимлиги захирасига ўтказилади. Ушбу ер майдонлари E–Auksion электрон савдо платформаси орқали 5 йил муддатга ижара ҳуқуқи билан, истисно тариқасида, 12 ойга тенг улушларда бўлиб тўлаш шарти билан савдога чиқарилади. Аммо у ерга фақатгина фудтрак ҳамда енгил турдаги қурилмаларни қуриш ва жойлаштириш мумкин бўлади.

Иккита хабар бор. Бири яхши, иккинчиси ёмон. Ҳаммаси яхши бўлиши учун хабарни яхшисидан бошлаймиз: Ўзбекистонликлар учун Ҳаж мавсуми 18 июндан бошланади. Аммо унинг нархи салкам икки бараварга ошди.

Фото: «Reuters»

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж мавсуми 18 июнь куни бошланиб, 31 июль куни якунланади. Зиёратчилар мамлакатнинг 7 та ҳудуди: Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларидан ташиш режа қилинган. Барча рейслар тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига амалга оширилади (одат, анъана ва яна алламбалоларга содиқ қолган ҳолда, албатта, «Uzbekistan Airways» орқали). 14–31 июль кунлари эса улар ортга қайтади.

Аммо унинг нархи ўтган йилгига қараганда деярли икки бараварга ошиб, 62 миллион 900 минг сўм (мана шу ерга янги танланган рамзни қўйсак бўларди, лекин ҳали унинг дижитал версияси чиқмаган, чиқиши ҳам жуда қийин — гап келганида гапда, энди) этиб белгиланди.

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар ўтган ойнинг бошида Саудия Арабистонига бориб, шарт-шароит ва нарх-навони ўрганган.  Унда коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошгани маълум бўлган. Шунингдек, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Ўзгаришлар натижасида дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40–45 фоизга кўтарилгани маълум бўлди.

Шуларни инобатга олиб, «Ҳаж–2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, сафар давомида Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг 2022 йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланган. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этиб, зиёрат нархи 33,5 миллион сўмга етганди.

«Илон ўйин», туя ва плагиат. Сўмнинг расмий рамзи танқидларга учради.

Фото: Марказий банк

Миллий валюта — cўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Марказий банкнинг ушбу ахборотидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп ўқувчили блогерлар томонидан муносабат билдирилди. «Bugun.uz» уларни бир жойга тўплади.

Миллий валюта — сўмнинг янги (биринчи) расмий рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов ниҳоясига етди ва келиб тушган 500 дан ортиқ намуналардан (ҳайъат аъзоларининг фикрича) энг креативи танлаб олинди. Қуйидаги суратда кўрсатилган белги энди ўзбек сўмининг расмий рамзи ҳисобланади. Унда U ва S ҳарфлари уйғунлашган.

«Интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган» — Адлия вазирлиги сўм рамзи учун танланган белги ҳақида.

Фото: Марказий банк

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг рамзи Франция «IN-CORE systems» компаниясининг логотипидан ўғирлаб олингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Вазирликнинг баёнотини қисқартирамиз: Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга, у фақатгина расмий тартибда рўйхатдан ўтказилган давлатда ҳимоя қилинади. Сўм ундан ўғрилангани айтилган логотипга эга компания эса Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ʼМуаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаʼги қонунининг 8-моддасига мувофиқ расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди. Юқоридагиларга асосан ушбу ҳолатларда интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган, дея хулоса қилинган вазирлик муносабатида.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ҳафта маслаҳати: «Нақд пулда ишланглар (майли, расмий бўлсин). Пластик карточка зарар».

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (рекламалари сизни безор қилиб юборган) Megatrening 2022 бизнес форумида ёшларга пластик карточка эмас, нақд пул ишлатиш кераклигини айтган. Бизнесмен ҳоким бунинг сабабини ҳам тушунтирган (бошдан ўтказган табиб, дейдику, балки шунақадир). Видеони пастроқда қолдирганмиз.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, пластик карточкалар жаҳон банк сектори вакиллари томонидан ўйлаб топилган бўлиб, пули кўпайган, уни кўтара олмайдиган одамлар учун мўлжалланган. Аммо, «майли (!), расмий бўлсин, фақат нақд пулда ишлаш керак».

«Бирор дўконга кирсангиз, қўлингизда пластик карточка бўлса, қанча пул ишлатаётганингизни билмайсиз. Лекин нақд пул бераётганда биласиз, пул жигардан бўлган. Ёшлар, илтимос, нақд пул билан муомала қилинглар. Ёшларга пластик карточка билан ишлаш зарар. Ҳамма вақт нақд бўлсин. Пул бераётганингларда пулингизни санайсиз. Пул санаётганингларда чиқиши қийин бўлади.

Пластик карточка ичига қанча пул солсангиз, шунча кетаверади. Ёшларга пластик карточкани тавсия қилмайман», — деган у.

Ушбу видео тармоқларда айланишни бошлагандан сўнг кўпчилик блогерлар фикр билдиришни бошлади. Масалан, журналист-блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу видеони улашиб, «Ўзбекона бизнес шиори: нақди асал!», дея изоҳ қолдирган. Бундан ташқари, журналист ҳоким бу гапларни тажрибали миллиардер сифатида айтгани (юқорида ёзганимиздек, бошдан ўтказган табиб), бу чиқишни «полотно» деб аташ мумкинлигини ҳам ёзган. Бошқа блогерларнинг (шедевр) муносабатларини бир кун олдинги дайжестга жойлаганмиз.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE