Жамият, Фарғона - 18:07 · 05.06.2022

Марғилонда қурилиши тугалланмаган бино ертўласидан 62 ёшли эркакнинг жасади топилди

Марғилонда қурилиши тугалланмаган бино ертўласидан 1960 йилда туғилган 62 ёшли эркакнинг жасади топилди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Пичоқчи маҳалласидаги Хиёбон кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ертўласидан 1960 йилда туғилган фуқаро танасида турли хилдаги жароҳат излари билан, жонсиз ҳолатда топилади.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятни Фарғона шаҳрида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро содир этгани аниқланиб, ушланган.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, гумондор ва жабрланувчи аввалдан таниш бўлган ва жиноят содир этилган жойда бирга спиртли ичимлик ичган. Шундан сўнг ўзаро жанжаллашиб, бири иккинчисига оғир жароҳат етказган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.

Ушбу жиноят маҳалланинг ўзида вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, тегишли мутасадди раҳбарлар ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида жиноятга ичкиликка ружу қўйиш сабаб бўлгани, маҳаллаларда жамоатчилик назоратининг сустлиги қаттиқ танқид остига олинган.

Муҳокама жараёнида маҳалла фаоллари, оқсоқолларнинг ҳам фикр мулоҳазалари, таклифлари тингланди.

Аввалроқ Қашқадарёда 31 май куни 27 ёшли эркакнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилганди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги фермер хўжалигида 8 май куни қотиллик рўй бергани хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда 19 йил олдин содир бўлган қотиллик фош этилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 9 йил олдин йўқолган 18 ёшли қизнинг суяклари топилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE