Жамият - 14:51 · 05.06.2022

Мусулмонлар идораси Ҳаж сафари тўлови оширилганига изоҳ берди

Мусулмонлари идораси Ўзбекистонликлар учун Ҳаж сафари тўлови 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида маълумот берди.

Фото: Мусулмонлар идораси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошган.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган. Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун иқтисодий, люкс ва вип пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.

Иккинчидан, ўзбекистонликлар жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Зам-зам Пуллман» ва «Краун Плаза» меҳмонхоналарида истиқомат қилади. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида яшайди.

Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

Учинчидан, Ўзбекистон зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Тўртинчидан, жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг «Ҳаж электрон портали» орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Бешинчидан, жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмасада, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқат берилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Олтинчидан, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида «Зам-зам Пуллман» ва «Краун Плаза» меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

«Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.

Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш», дейилади хабарда.

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар 3-7 май кунлари «Ҳаж-2022» тадбирини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистонига борганди.

Ўрганиш натижасида «Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгиланганди.

Bugun — LIVE