Жаҳон - 22:06 · 05.06.2022

Путиннинг қисқарган мақсадлари, Украинада йўқ қилинган рус генерали, августгача эгалланиши тахмин қилинаётган Донбасс

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 5 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «The Hill»

Украинада яна бир россиялик генерал ўлдирилди

Украинанинг Артемовск-Лисичанск шоссеси яқинидаги жангларда россиялик генерал-майор Роман Кутузов ҳалок бўлди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Россияда генералнинг ўлими билан боғлиқ маълумотлар ошкор этилмаган, аммо унинг «аскар каби, жангчи каби ҳалок бўлгани» таъкидланган.

Путиннинг Украинадаги мақсадлари қисқаргани маълум қилинди

Украинага кенг миқёсли босқиннинг 100 кунида Россиянинг нишонлари сезиларли даражада қисқарди. Энди Россия қўшинлари олдида Украина президенти Владимир Зеленскийни лавозимидан четлатиш вазифаси йўқ, улар ҳозирда Донецк ва Луганск вилоятларини босиб олиш билан банд. Бу ҳақда «Conflict Intelligence Team» тадқиқотчиси Кирилл Михайлов «Радио НВ» эфирида Россиянинг ҳозирги стратегик мақсадлари ҳақидаги баёноти маълум қилди.

«Биз Россия ҳудудида жуда катта йўқотишларга учраганларнинг ўрнини босиш учун қўлланиладиган маълум захира батальонлари шаклланаётганини кўряпмиз. Шу 100 кун ичида нишонлар Зеленскийни президентликдан олиб ташлашдан тортиб, Донецк ва Луганск вилоятларини қўлга олишгача қисқартирилди. Агар Луганск вилояти билан улар муваффақият қозониши эҳтимолдан холи бўлмаса, Донецк вилоятини қўлга киритиш ҳам жуда катта савол. Уч ой олдин улар Киевдан бир неча километр узоқда бўлганини эслаймиз», — деб таъкидлаган эксперт.

Михайловнинг қайд этишича, Россия мақсадларининг бундай қисқариши сўнгги 100 кундаги асосий натижадир.

Австрия канцлери Украинанинг ЕИга тўлақонли аъзо бўлиши ўртасида оралиқ босқични ўтказишга чақирди

Австрия канцлери Карл Нехаммер Украина ва Молдова каби давлатлар учун Европа Иттифоқига тўлақонли аъзолик ўртасида оралиқ қадам қўйишга чақирди.

Унинг айтишича, «тайёргарлик майдони» мамлакатларга Европа иқтисодий ҳудуди ёки Европа эркин савдо келишуви каби Европа Иттифоқи стандартларига эришиш имконини беради.

«Бизни битта мақсад бирлаштирган, барчамиз кучли, мустақил ва иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли Украинани истаймиз», дейилади канцлер идораси томонидан тарқатилган баёнотда.

Роскомнадзор Украинани қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш мақсадида ташкил этилган веб-сайтни блоклади

Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор) Россия бош прокуратураси талабига биноан бир қатор Украина сайтларини блоклади.

Қайд этилишича, уларнинг орасида президент Владимир Зеленский ташаббуси билан Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган хайрия маблағларини йиғиш бўйича фаолият юритган «UNITED 24» сайти ҳам блокланган.

Рус қўшинлари Донбассни августгача босиб олиши мумкин

Украина армияси август ойигача Донбасс устидан назоратни йўқотиши мумкин. Бу ҳақда «Der Spiegel» журнали немис разведка хизматлари баҳосига таяниб хабар берди.

Германия Федерал разведка хизмати маълумотига кўра, яқин 4–5 ҳафта ичида Украина қаршилиги синдирилиши мумкин.

«Сўнгги кунларда ёпиқ брифингларда разведка таҳлилчилари рус қўшинлари уруш бошлаган вақтга қараганда анча секинроқ ҳаракатланаётганини, лекин ҳар куни кичик ҳудудларни босиб олишини таъкидлади. Разведка рус қўшинлари август ойигача бутун Донбас устидан назоратни ўз қўлига олиши мумкин деб ҳисобламоқда», дейилади мақолада.

Bugun — LIVE