Сиёсат - 12:23 · 05.06.2022

Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш бўйича референдум бошланди — фото

Қозоғистонда 5 июнь, якшанба куни мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бошланди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, республика бўйлаб 10 минг 12 та сайлов участкаси тайёрланди.

Фото: «Zakon.kz»

Қайд этилишича, Нурсултон вақти билан соат 07:00 ҳолатига кўра, 12 та ҳудуддаги 8072 та сайлов участкасида овоз бериш бошланган. Шунингдек, Қозоғистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 65 та участка ташкил қилинган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Қосим-Жўмарт Тўқаев Ал-Фаробий номидаги ўқувчилар саройи биносида жойлашган сайлов участкасида референдум сайловида иштирок этди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Таъкидланишича, овоз беришдан кейин Тўқаев маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказган. Президент ўз нутқида Қозоғистон халқини референдум ўтказилгани билан табриклаган.

«Бугун, аслида, мамлакатимиз учун муҳим тарихий кун. Халқ тақдирли қарор қабул қилади. Ҳеч қандай мажбурлаш йўқ. Референдум юқори савияда ташкил этилди», — деди Қозоғистон раҳбари.

Шундан сўнг давлат раҳбари журналистларнинг конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсад ва вазифаларига оид қатор долзарб саволларига жавоб берган.

Шунингдек, Нурсултон Назарбоев Нурсултон шаҳридаги 115-сайлов участкасига ташриф буюриб, сайлов жараёнида иштирок этган. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти республика Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи бўйича умумхалқ референдумида овоз бериш жараёнида қатнашган.

Фото: Элбоши матбуот хизмати

Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 5 июнь соат 12:00 даги маълумотига кўра, рўйхатга киритилган фуқаролар умумий сонининг 43,70 фоизи сайлов жараёнида иштирок этди.

Фото: Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Хабар» телеканалига берган интервьюсида икки муддатдан ортиқ президент сифатида сайланмаслиги, Конституция ўзгартирилмаслигини маълум қилганди.

Бундан ташқари, Тўқаев суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга эга президентлик республикасига ўтиш ҳақида гапирганди. Бундай тизим ҳокимият институтларининг оптимал мувозанатини таъминлаши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидланган.

Bugun — LIVE