Жамият, Тошкент ш. - 19:11 · 05.06.2022

Тошкентда мушуклар отилиб, думи чопилаётгани хабар қилинди

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 5-мавзеда мушуклар отилиб, айримларининг думлари чопилаётгани, қорни ёрилган ҳолатда топилаётгани хабар қилинди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Юнусобод тумани Ички ишлар бошқармасига 2 июнь куни Қўшчинор маҳалласида яшовчи 41 ёшли Малика С. мурожаат қилган.

Аёл мурожаатида профилактика инспекторига 27 май куни кечқурун мушугини кўчага сайр қилишга қўйиб юборганини, орадан бир ярим соат ўтиб мушуги қайтиб келганида, унинг бурун қисмида қон оқаётган яра борлигини кўрганини айтган. Эртаси куни эрталаб қон тўхтамаганини тушуниб, мушугини ветеринария клиникасига олиб борган. Текширув давомида шифокор жароҳат жойидан кичик металл шарни (катта эҳтимол билан бу пневматик қуролларда ишлатиладиган ўқ бўлиши мумкин) олиб ташлаган. Айни дамда мушук уйида тузалмоқда.

Қайд этилишича, аёлнинг аризаси асосида Юнусобод тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланмоқда. Қўшчинор маҳалласида бошқа ҳайвонларга нисбатан ҳам шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам бўлгани (айримларининг думлари чопилаётгани, қорни ёрилган ҳолатда топилаётгани) хабар қилинган, бироқ бу ҳолат юзасидан ички ишлар органларига ҳеч қандай ариза келиб тушмаган.

Аввалроқ Тошкентда 3 нафар қиз мушук боласини сувга ташлаб, чўктириб юборгани хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда тирик мушукни пакетга солиб, ахлатга ташлаган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар берилган. Шунингдек, Ангренда уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимлари жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлгани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE