Жамият, Хоразм - 20:09 · 05.06.2022

Урганчда аёл ва қизи гвардия ходимлари томонидан куч ишлатиб олиб кетилди — видео

Урганчда 4 июнь куни аёл ва қизи гвардия ходимлари томонидан куч ишлатиб олиб кетилгани хабар қилинди. Шаҳар ҳокимлиги воқеа тафсилотларини очиқлади.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни дехқон бозори ёнидаги 5 блок савдо расталари олдида бўлаётган жанжални эшитган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари тезда воқеа жойига етиб борган ва фуқаролар М.Р ва А.Ж лар ўртасида жанжал бўлаётганининг гувоҳи бўлган. Жанжалнинг олдини олиб фуқаро М.Р ни воқеа жойидан кетказганидан қолган фуқаролар — А.Ж ва унинг опаси Р.Ж.нинг жаҳли чиқиб Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига бақириб, қонуний талабларини бажармасдан уларни ҳақорат қилган.

Шу сабабли фуқаролар тинчлантириш мақсадида бозор ҳудудидаги 16-сонли таянч пунктига олиб борилган. Ўша ерда ўзига нисбатан куч ишлатилганидан норози бўлган фуқаролар А.Ж ва Р.Ж. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига фаол қаршилик кўрсатиб, шовқин кўтарган, ҳолатни ўзининг қўл телефонига тасвирга олиб, интернет ижтимоий тармоқларига тарқатган.

Дастдабки текширув маълумотларига кўра, ушбу фуқароларга Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан уриб тан жароҳати етказиш ҳолатлари аниқланмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразм вилояти Урганч туманида ИИБ ходимлари қаршилик кўрсатган фуқарони куч ишлатиб олиб кетганди. Шунингдек, Намананда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида жанжал содир бўлгани ҳамда ходимлар фуқарони куч ишлатиб олиб кетгани маълум қилинган. Ҳамда Сирдарёда ички ишлар ходими фуқарога куч ишлатгани хабар қилинган.

Bugun — LIVE